Ўзбекистон «Газпром» билан газ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини имзолади

"Газпром" матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Газпром» раҳбари Алексей Миллер Россия ва Ўзбекистон ўртасида газ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни имзолади. Бу ҳақда холдинг матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат 24 январь куни ишчи учрашувда имзоланган, унда Миллер ва Мирзамаҳмудов ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли масалаларини кўриб чиқишган.

Бошқа тафсилотлар берилмаган.

Бундан олдин, 18 январь куни Миллернинг Қозоғистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр билан учрашувида «Газпром» Қозоғистон билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолаган эди. Қозоғистон ҳукумати маълумотларига кўра, ҳужжат «томонларнинг ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари, жумладан, Қозоғистон газини Оренбург ГҚЗда қайта ишлаш, Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш имкониятлари, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини» белгилайди.

2022 йил ноябрь ойи охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия президенти Владимир Путиннинг «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузиш таклифини маълум қилди. Кейинроқ Қозоғистон ТИВ ташаббусни синчковлик билан ўрганишни таклиф қилиб, Қозоғистон ўз ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтишга йўл қўймаслини таъкидлади.

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 7 декабрь куни Тошкентга Россия ва Қозоғистон билан «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузиш бўйича таклифлар келиб тушмаганини айтди. Унинг эслатишича, Ўзбекистон Россия билан умумий чегарага эга эмас, Россия гази фақат Қозоғистон орқали транзит шаклида келиши мумкин. Демак, Тошкент Остона билан ёнилғи етказиб бериш бўйича музокаралар олиб боради, лекин ҳеч қандай иттифоқ доирасида эмас.

«Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам (гап Россия газини ҳарид қилиш ҳақида – «Фарғона» изоҳи), фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз. Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ. Бошқа чораларни кўрамиз», — деди Мирзамаҳмудов.

Кремль газ иттифоқи ғояси ҳеч қандай сиёсий шартларни назарда тутмаслигини айтиб, барчани тинчлантиришга ҳаракат қилди. «Гап, албатта, тижорат томони, давлатлар манфаатлари, тижорат манфаатлари, биринчи навбатда, иштирокчи давлатлар манфаатларини кўзлаб ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳақида кетмоқда, бу йўналишда ишлар давом этади», — дея масалага ойдинлик киритганди РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Декабрь охирида Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Александр Новак Россия ушбу турдаги ёқилғи истеъмоли ортиши фонида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ички бозорларига газ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди.

«Биз Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан уларнинг ички бозорига газ етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини муҳокама қилмоқдамиз, чунки уларнинг истеъмоли ортиб бормоқда»,деди Новак.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 23 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Мирзамаҳмудовга табиий газ, электр энергияси, кўмир ва мазут импорти билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиш, муқобил ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориш ва келишувларга эришиш учун барча зарур чораларни кўришни топширди. Маълум қилинишича, 2022 йили Ўзбекистонда 51,7 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, бу йили қазиб олишни 56,3 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ