«Специя» Элдор Шомуродовни ижарага олганини маълум қилди

Элдор Шомуродов. Фото с сайта acspezia.com

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Римнинг «Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италия А сериясининг жорий мавсум аутсайдерларидан бири «Специя»га ижарага берилди. Бу ҳақда 30 январь куни «Специя» ФК сайтида хабар берилди.

Шомуродов мавсум охиригача — 2023 йилнинг 30 июнига қадар ижарада бўлиб, 14-рақам остида ўйнайди. «Специя» ўзбекистонлик ҳужумчининг 6 ойлик ижараси учун «Рома»га 1,5 миллион евро тўлаган.

Элдор Шомуродовнинг «Рома»дан кетиши ҳақидаги гаплар ўтган йил июль ойида римликлар бош мураббийи Жозе Моурино ўзбекистонлик ҳужумчи «таассурот қолдирмагани» ва футболчининг ўзи ўйин вақтидан норози эканини айтганидан кейин бошланган эди. Ёзда Рим клуби яна икки ҳужумчини — аргентиналик Паоло Дибалу ва италиялик Андреа Белоттини сотиб олди.

ОАВда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчисига Италиянинг «Монца», «Торино», «Сассуоло» ва «Болонья» клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шомуродовни қўлга киритишга яқин бўлган клуб «Болонья» бўлиб, у футболчини «Рома»дан бир мавсумга ижарага олишга тайёрлигини билдирган, бироқ томонлар суммани келишиб олишолмаган. Футболчи йил охиригача «Рома»да қолиб, жамоа сафида барча мусобақаларда бор-йўғи 8 та ўйинда майдонга тушди ва битта гол урди.

А Сериядаги 20 турдан сўнг, «Специя» жорий мавсумда омон қолиш учун курашмоқда ва турнир жадвалида 18 очко билан 17-ўринда, 6 очкога тушиб кетиш зонасида «Верона»дан олдинда. Айни пайтда «Верона»нинг захирада бир ўйини бор.

Transfermarkt томонидан 7 миллион еврога баҳоланган Шомуродов «Специя» ҳужум чизиғидаги энг қиммат футболчига айланди. Ўзбекистонлик ҳужумчининг ҳужумдаги шериклари 21 ёшли Латвия терма жамоаси футболчиси Раймондс Кроллис ва Словакия терма жамоаси ҳужумчиси Давид Стрелец, шунингдек, клубнинг асосий тўпурари анголалик Мбала Нзола бўлади, бироқ у жароҳат олган. Шу тариқа айнан Шомуродов, афтидан, «Специя»нинг кейинги бир ой давомида асосий зарба берувчи кучига айланади.

Элдор Шомуродов «Муборак Машъал» тарбияланувчиси ҳисобланади. 2015 йили Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига кўчиб ўтган. 2017 йили у Ростовга таклиф қилинган ва у ерда барча расмий турнирларда 91 та ўйин ўтказиб, 18 та гол урган. 2020 йил октябрь ойида 7,5 миллион евро товон эвазига «Женоа»га кўчиб ўтди. У Генуяликлар сафида А серияда 31 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.

2021 йил августида «Рома» ўзбекистонлик ҳужумчини 17,5 миллион евро эвазига сотиб олди ва у билан 2026 йилгача шартнома имзолади. Мавсум якунига кўра римликлар А серияда олтинчи ўринни эгаллашди. Шомуродов 28та ўйинда майдонга тушган, шундан 23тасида ўзбекистонлик захирадан майдонга тушган. Унинг ҳисобида учта гол ва тўртта голли узатма бор. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 28 ёшли ҳужумчи 59та ўйин ўтказиб, 32та гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ