АҚШ Ўзбекистонни яна бир бор Нукус воқеалари пайтида қонунни бузган хавфсизлик ходимларини жазолашга чақирди

Xabar.uz сайти фотосурати

Нукусдаги июль воқеалари бўйича судланувчиларга нисбатан ҳукм эълон қилинган куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси яна бир бор республика расмийларини тартибсизликларни бостириш жараёнида қонунни бузган хавфсизлик кучлари ходимларини жазолашга чақирди.

«Июль ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар билан боғлиқ ҳаракатларда айбланган 22 кишига оид суд ўз ниҳоясига етар экан, АҚШ элчихонаси ҳукуматни жамоатчилик шаффофлиги бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва Ўзбекистон қонунчилигини бузган ҳар қандай хавфсизлик кучлари ходимларини жавобгарликка тортишга чақиришда давом этади», — дейилади баёнотда.

«Нукус воқеалари» бўйича суд жараёни бошланган 28 ноябрь куни ҳам АҚШ худди шундай мурожаат билан чиққанди. Аввалроқ қатор халқаро ташкилотлар ва давлатлар, жумладан Amnesty International, Европа Иттифоқи, АҚШ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Тошкентни воқеалар юзасидан шаффоф ва мустақил тергов ўтказишга чақирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни суд жараёндаги асосий фигурант, 43 ёшли журналист Даулетмурат Тажимуратовни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Қаллиханова уч йиллик синов муддати билан 8 йилга озодликни чеклаш билан боғлиқ жазога ҳукм қилинди. У суд залидан озод қилинди. Тўрт нафар айбланувчига бир неча йилга озодликни чеклаш жазоси, 16 нафар айбланувчига 3-8,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан ортиқ (596 минг доллардан ортиқ) бўлган.

Нукус воқеалари бўйича суд 28 ноябрь куни бошланди. Айбланувчилар курсисида 22 киши бўлган. Уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг жами 11 моддаси бўйича айблов қўйилган. Жумладан, 104 («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш»), 159 («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»), 164 («Босқинчилик») ва бошқалар. Жами 171 нафар шахс айбланувчи сифатида жалб этилган.

Жиноят ишининг хавфсизлик кучлари томонидан намойишларни бостиришда қурол ва махсус воситалардан фойдаланишига оид қисми алоҳида процессга ажратилган. Ўзбекистон Бош прокуратурасида қайд этилганидек, агар ички ишлар органлари ходимлари ўз ваколатларини ошириб, куч ва махсус воситалардан асоссиз фойдаланганликлари аниқланса, уларнинг ҳаракатлари очиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.