Афғонистон ва Покистон чегарасида содир бўлган зилзила оқибатида 11 киши ҳалок бўлди

Покистонда зилзиладан вайрон бўлган уйлар. Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурат

21 март куни эпицентри Афғонистоннинг Тожикистон ва Покистон билан чегараси яқинида содир бўлган 6,5 магнитудали зилзила оқибатида Афғонистон ва Покистонда камида 11 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали расмийлар баёнотига таяниб хабар берди.

Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази зилзила эпицентри Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида, аҳолиси 12 мингдан ортиқ киши истиқомат қилувчи Ишкашим шаҳридан 48 км жануби-ғарбда бўлганини қайд этди, деб ёзади ТАСС. Зилзила манбаси 185 км чуқурликда жойлашган. Зилзилани, шунингдек Ҳиндистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон аҳолиси ҳам сезган.

Покистоннинг шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Сват ва бошқа туманларида шок ҳолатида 200 дан ортиқ одам шифохоналарга етказилди, дейди Покистон фавқулодда хизматлар вакили Билол Файзи.

Файзи ва бошқа расмийларнинг айтишича, Покистон шимоли-ғарбининг турли ҳудудларида том қулаши оқибатида тўққиз киши, жумладан, беш эркак, икки аёл ва икки бола ҳалок бўлган.

Ер силкинишлари Хайбер-Пахтунхвадан ташқари Покистоннинг бошқа минтақаларида, жумладан Пешовар, Лаҳор, Кветта, Равалпинди ва Исломободда ҳам сезилган.

Одамлар ўз уйлари ва идораларини тарк этишган, айрим кўп қаватли уйларда ёриқлар пайдо бўлган.

Афғонистонда расмийлар ҳозиргача ҳалокат оқибатида камида икки киши ҳалок бўлгани ва 20 га яқин киши жароҳатланганини айтишган. Зилзила Афғонистоннинг Тахор, Бадахшон, Қундуз ва Панжшер вилоятларида ҳам сезилди.

Шу билан бирга, таъкидланишича, «жабрланганлар кўпроқ бўлиши мумкин, чунки зилзила шунчалик кучли бўлганки, мамлакатнинг аксарият ҳудудларида барча касалхоналар ва тиббиёт муассасалари жабрланганларни қабул қилишга тайёр» ҳолатига келтирилган.

Ўзбекистонда, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Республика Сейсмик прогноз мониторинги маркази хабарига кўра, ер силкиниши барча ҳудудларда сезилган. Ер силкинишларининг кучи 5 баллни ташкил этган. Баъзи шаҳарларда маҳаллий аҳоли ва савдо марказларига ташриф буюрувчилар ер силкинишини ҳис қилиб, кўчага югуришган.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида зилзила кучи 5 баллни ташкил қилган. Фавқулодда вазиятлар қўмитаси маълумотларига кўра, Тожикистон ҳудудида қурбонлар ва вайроналар йўқ. Аксарият аҳоли зилзиладан қўрқиб кўчаларга чиққан.

Қозоғистон жанубида зилзила кучи 3 баллни ташкил этди, деб хабар беради Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмологик экспериментал-услубий экспедицияси. Ерости силкинишлари Чимкент, Тараз, Олмаота ва Туркистон вилоятида ҳам сезилган. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Зилзила Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида ҳам сезилган – унинг кучи 3 баллгача бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ