Россия Федерациясига кўчиб ўтувчилар дастури иштирокчилари рус тилини билишлари шарт бўлади

migrant-zakon.ru сайти фотосурати

2024 йил 1 январдан бошлаб ватандошларни кўчириш дастури доирасида Россия фуқаролигини олишни режалаштираётган чет элликлар тегишли ариза топширишда рус тилини билишларини тасдиқлайдилар. Бу ҳақда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг 30 мартдаги фармонида сўз юритилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, давлат дастурида иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш «чет элликларнинг рус тилини тил муҳитида оғзаки ва ёзма мулоқот қилиш учун етарли даражада билиш шарти билан» амалга оширилади.

Тил билиш даражасини қуйидаги ҳужжатлардан бирини тақдим этиш орқали тасдиқлаш мумкин:

✅ СССР таркибига кирувчи давлат ҳудудида 1991 йил 1 сентябргача таълим олиш тўғрисида;

✅ 1991 йил 1 сентябрдан кейин Россия Федерацияси ҳудудида таълим олиш тўғрисида;

✅ Рус тили давлат тилларидан бири бўлган давлатда таълим олиш ҳақида ҳужжат билан.

Бундан ташқари, бу талаб давлат дастури иштирокчиси билан суҳбат ўтказадиган комиссия қарори билан тасдиқланиши мумкин.

Комиссия Ички ишлар вазирлиги томонидан тузилади ва хорижликлар икки усулда суҳбатдан ўтказилади: Россиядан ташқарида видеоконференция орқали ёки шахсан — мамлакатда бўлганида.

Кўчиб ўтиш дастури орқали фуқароликни олиш учун ҳужжатлар рўйхати одатдагидек сақланиб қолган. Ариза берувчилар ҳали ҳам ариза, паспорт, Россия Федерациясида вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки доимий яшаш учун рухсатнома, оилавий аҳвол тўғрисидаги ҳужжатлар, маълумотнома ёки диплом, меҳнат дафтарчаси, яшаш жойида рўйхатдан ўтиш ва фотосуратларни топширишлари керак.

Путин фармонига кўра, қуйидаги давлат фуқаролари рус тилини билишини тасдиқлашдан озод қилинади:

▶️ Россия;

▶️ Украина;

▶️ Беларусь;

▶️ Молдова;

▶️ Қозоғистон.

Таъкидлаш жоиз, Беларусияда рус тили Беларусь тили билан бир қаторда давлат тили, Қозоғистонда эса расмий тил мақомига эга. Молдовада рус тили 2021 йилгача республика Конституциявий суди уни имтиёзли мақомидан маҳрум қилгангача миллатлараро мулоқот тили бўлган. Бу ерда расмий тил — румин тили.

Эътиборлиси, рус тили конституциявий тарзда расмий мақомга эга бўлган Қирғизистон давлатлар рўйхатига киритилмаган.

Чет элда истиқомат қилувчи ватандошларнинг Россияга ихтиёрий равишда кўчирилишига кўмаклашиш дастури 2006 йили қабул қилинган. У СССР парчаланганидан кейин Россия Федерациясидан ташқарида бўлган ва мамлакатга қайтишни истаган одамларни кўчиришни осонлаштириш учун мўлжалланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ