Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками Аида Хасанова вафот этди

Аида Хасанова. Унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинган фотосурат

Тошкентда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками Аида Хасанова 39 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎҚФ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарига кўра, Хасанованинг аҳволи хусусий клиникалардан бирида косметик жарроҳлик амалиётини ўтказганидан кейин оғирлашган. Аёл касалхонага ётқизилган, аммо ўша куни кечқурун у реанимацияда вафот этган.

Ўлим сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Аида Хасанова қиличбозлик бўйича спорт устаси, кўп карра Ўзбекистон чемпиони. 2014 йилдан буён Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) ҳаками ва халқаро мусобақаларда ишлаган. Ўзбекистон қиличбозлик федерациясида бош ҳакам лавозимида ишлаган.

Хасанова Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдан Олимпия ўйинларида ишлаган қиличбозлик бўйича биринчи ҳакам бўлди. Токио Олимпиадасида у қиличбозлик мусобақаларида бутун Осиё минтақасидан ягона аёл ҳакам бўлган. Аида Хасанова дунёдаги энг кучли беш ҳакамдан бири эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди