Ўзбекистон Хитойга йўналтирилган қувурдан газ сизиб чиққани ҳақидаги хабарни рад этди

turkmenportal.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги аввалроқ Turkmen.News нашри хабар қилган Хитойга йўналтирилган қувурдан газ сизиб чиққани ҳақидаги маълумотни рад этди.

Нашрнинг ёзишича, 17 майга ўтар кечаси Хитойнинг CNPC компанияси мутахассислари Туркманистон ва Ўзбекистон чегарасида товар газида олтингугурт борлигини аниқлаган. Маълум бўлишича, Туркманистон томони газ қувури орқали газни олтингугуртдан тозаланмасдан Хитойга жўната бошлаган, бу эса қувурларга зарар етказади. Нашр манбасига кўра, тўрт кун давомида 80 километр узунликдаги газ қувурининг Ўзбекистондаги қисмида сизиб чиқишлар қайд этилган.

«Биз томондан транзит жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда. Барча кўрсаткичлар мунтазам равишда текширилади. Ҳеч қандай оғишлар йўқ. Тизимларимизда тилга олинган газ сизиб чиқиш ҳолатлари йўқ. Барча тизимлар ишламоқда», — дейди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Gazeta.uz нашрига.

ℹ️ Туркман гази Хитойга 2009 йил 14 декабрда расман очилган «Марказий Осиё-Хитой» газ қувури орқали етказиб берилади. Давлатлараро магистраль Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон (умумий узунлиги 1900 км дан ортиқ) ва Хитой (4500 км) ҳудудидан ўтади. Марказий Осиёдан сотиб олинган газ Хитойнинг 22 вилояти ва автоном районлари аҳолисига етказиб берилади.