Европалик инвесторлар Транскаспий транспорт коридорини ривожлантиришга 10 миллиард евро сармоя киритади

tengrinews.kz сайти фотосурати

Европа ва халқаро молия институтлари Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Марказий Осиё ўртасидаги барқарор транспорт алоқаларини ривожлантириш учун 10 миллиард евро ажратади. Хусусан, томонлар Транскаспий йўлаги бўйлаб логистикани ривожлантириш ниятида. Бу ҳақда 29-30 январь кунлари Брюсселда бўлиб ўтган Global Gateway(«Глобал дарвозалар») инвесторлар форумида муҳокама қилинди, деб хабар беради ЕИ матбуот хизмати.

Тадбирда Украинадаги вазият Европа ва Осиё ўртасида Россияни четлаб ўтган ҳолда товар етказиб беришнинг муқобил самарали йўлларини излашга мажбур қилгани алоҳида таъкидланди. Бу борада Транскаспий транспорт йўлаги муҳим аҳамиятга эга. Форум иштирокчилари Европа Иттифоқи томонидан эълон қилинган инвестициялар қайси лойиҳаларга йўналтирилишини батафсил муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Сармоя Марказий Осиёни Европа билан боғловчи савдо йўлини 15 кун ичида юкларни етказиб бериш имкониятига эга мультимодал йўлга айлантиришга ёрдам беради.

Бундан ташқари, томонлар умумий қиймати 10 миллиард евролик сармоявий келишув доирасида алоҳида ҳужжатларни имзоладилар. Шундай қилиб, Европа инвестиция банки Еврокомиссия кафолати остида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматларига ҳамда Қозоғистон тараққиёт банкига 1,47 миллиард евро миқдорида кредит ажратди. Ўз навбатида, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Қозоғистон билан ўзаро англашув меморандумини тузди, унга кўра, молия институти республикага транспорт ва логистика соҳасидаги лойиҳалар учун 1,5 миллиард евро ажратади.

Ўзбекистон матбуотининг ёзишича, Европа инвестиция банки ушбу давлат вакили билан 500 миллион евро миқдорида алоҳида шартнома имзолаган.

Форумнинг биринчи кунида Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель иштирокчилар олдида нутқ сўзлади. У Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан ҳамкорлиги муҳимлигини қайд этди.

«Тўрт йил олдин, мен Брюсселга келганимда, Марказий Осиё қандайдир чекка жойда эди, ҳозир эса ҳамма нарсанинг марказидасиз. Сиз Европа ва Осиё ўртасидаги тамал тошисиз. Шунинг учун ҳам ҳамкорлигимиз биз учун жуда муҳим», — деди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, халқаро инқирозлар – Афғонистондаги ҳокимият алмашуви, Украина ва Ғазо секторидаги қуролли можаролар шароитида Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги жисмоний алоқаларга кўпроқ маблағ йўналтириш, транспорт, энергетика соҳаларида муқобил йўналишларни излаш керак.

Боррелнинг таъкидлашича, ҳамкорлик масалаларида иқтисодиёт ва хавфсизликка эътибор қаратиш лозим, чунки замонавий дунёда бу тушунчалар узвий боғлиқдир.

Дипломат Россияга қарши санкциялар мавзусига ҳам тўхталиб, уларнинг самарадорлиги Европа Иттифоқи ва минтақа давлатлари ҳукуматларининг биргаликдаги фаолиятига боғлиқлигини айтди.

«Биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз ва Россия ўртасидаги савдони диққат билан кузатиб борамиз, қандай механизмлар санкцияларни четлаб ўтишимизга имкон бераётганини таҳлил қиламиз», — деди Боррель.

Унинг тан олишича,

минтақага йўналтирилаётган инвестициялар сиёсий характерга эга ва умумий қадриятларни ҳимоя қилишга қаратилган.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича Олий вакили томонлар ўртасидаги мулоқот, хусусан, жорий йил охирида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган биринчи тўлиқ форматдаги «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммити доирасида давом этишини маълум қилди.

ℹ️ 29-30 январь кунлари Брюсселда Global Gateway инвестиция форуми бўлиб ўтди. Унда Европа комиссияси аъзолари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон расмийлари, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этдилар.

ℹ️ Транскаспий транспорт коридори (бошқа номи — Ўрта йўлак) Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон ва Грузия орқали ўтувчи йўналишдир. Моҳиятан, бу лойиҳа Хитойдан Европага товарларни етказиб бериш бўйича Россия Транс-Сибир темир йўлига муқобилдир. Қозоғистон томони таъкидлаганидек, бу орқали йилига 10 миллион тоннагача юк, жумладан, 200 мингтагача контейнер ташиш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ