Хитой толиблар вакилини Афғонистон элчиси сифатида аккредитация қилди

Билол Каримий ва Си Цзиньпин. CCTV репортажидан кадр

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Афғонистоннинг Хитойдаги янги элчисидан ишонч ёрлиғини қабул қилди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

30 январь куни Халқ мажлислари залида бўлиб ўтган тантанали маросимда 42 давлат элчиси Си Цзиньпинга ишонч ёрлиқларини топширди. Улар орасида Билол Каримий ҳам бор эди, у илгари «Толибон»* ҳукумати матбуот котиби ўринбосари бўлиб ишлаган.

Аввалроқ Хитой Афғонистонга толиблар ҳокимият тепасига келганидан кейин расман янги элчи тайинлаган биринчи давлат бўлди. Чжао Шэн 13 сентябрь куни Кобулда бўлиб ўтган тантанали маросимда Афғонистон де-факто ҳукумати раҳбари Муҳаммад Ҳасан Охундга ишонч ёрлиғини топширган. Хитой расмийлари Чжао Шэннинг тайинланиши толиблар ҳукуматини расман тан олишга тайёрлик белгиси эканлигига аниқлик киритмаганди.

«Бу Хитойнинг Афғонистондаги элчисининг мунтазам ротацияси бўлиб, Хитой ва Афғонистон ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган. Хитойнинг Афғонистонга нисбатан сиёсати аниқ ва изчилдир», — деб таъкидлаганди ўшанда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги.

ℹ️ «Толибон» 2021 йил 15 августда Кобулни эгаллаб, уч ҳафтадан сўнг янги ҳукумат тайинланишини эълон қилганди. Аммо дунёнинг ҳеч бир давлати бу ҳаракатни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида расман тан олгани йўқ. Халқаро ҳамжамият янги ҳукуматдан Афғонистондаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари, шунингдек, толиблар даврида ҳуқуқлари жиддий чекланган аёллардан иборат коалицион ҳукумат тузишни талаб қилмоқда. Ўз навбатида, толиблар барча билан яхши муносабатда бўлишни исташини айтиб, Европа давлатларини Кобулда ўз элчихоналарини қайта очишга чақирмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ