Россия Украинанинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Пётр Врублевскийни халқаро қидирувга берди

Пётр Врублевский (чапда). t.me/pressmfakz фотосурати

Москва суди Украинанинг Қозоғистондаги собиқ Фавқулодда ва Мухтор элчиси Пётр Врублевскийни* иложи борича кўпроқ россияликларни ўлдиришга чорловчи баёнотидан сўнг қўзғатилган жиноий иш доирасида уни сиртдан ҳибсга олишга рухсат берди, деб ёзади ТАСС.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг агентликка аниқлик киритишича, украиналик дипломат федерал ва халқаро қидирувга берилган. Тегишли маълумотлар Москванинг Басманний суди маълумотлар базасида, шунингдек, РФ Ички ишлар вазирлигининг қидирув маълумотлар базасида пайдо бўлди. Врублевский нафрат ёки адоват қўзғатишда, инсон қадр-қимматини камситишда (РФ Жиноят кодексининг 282-моддаси 2-қисми «а» банди) айбланмоқда.

Росфинмониторинг уни февраль бошида террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритган.

2022 йил август ойида қозоғистонлик блогер Диас Кузаировга берган интервьюсида Врублевский Россия махсус операциясини шарҳлар экан: «Биз ҳозир русларни қанча кўп ўлдирсак, болаларимизга шунчалик кам иш қолади» деган. Бу баёнот кенг резонансга, шунингдек Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлганди. Вазирлик расмий вакили Айбек Смадияровнинг айтишича, Врублевский ўз сўзлари учун узр сўраган.

Кейинроқ Россия ОАВлари Пётр Врублевский расмийлар илтимосига кўра Қозоғистонни тарк этгани ҳақида хабар берган. Бироқ, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳукумат дипломатни чиқариб юбориш бўйича талаблар қўймагани ва у таътилга чиққанини маълум қилган. 2022 йил октябрь ойида Врублевский ўз лавозимидан четлатилган.

Kursiv.kz хабарига кўра, шу кунгача президент Владимир Зеленский Украинанинг Қозоғистондаги янги элчисини тайинлагани йўқ.

* экстремистлар ва террорчилар рўйхатига киритилган

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ