HRW Европа Иттифоқи давлатлари ва Туркияни тожик диссидентларини ватанига қайтармасликка чақирди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Берлинга ташрифига қарши чиққан акция иширокчилари, 2023 йил 29 сентябрь. hrw.org айти фотосурати

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа Иттифоқи давлатлари ва Туркияга тожик диссидентларини ватанига қайтармасликни сўраб мурожаат қилди.

«ЕИ ва Туркия мухолифат фаолларини ҳимоя қилиши ва уларни ўзининг трансмиллий репрессияси билан машҳур, қийноқларга дучор бўладиган Тожикистонга юборишдан тийилиши керак»,дейди HRW Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Сийнат Султаналиева.

Февраль ойида HRW трансмиллий репрессиялар — репрессив ҳукуматлар томонидан хорижда танқидчиларнинг таъқиб қилиниши ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди, унда хорижга қочиб кетган «Гуруҳ 24» аъзоларининг терроризм ва бошқа жиноятларда айблаб, Тожикистонга экстрадиция қилинишига уринаётган тожик ҳукуматининг нишонига айланаётгани билан боғлиқ бир неча ҳолатлар ҳақида сўз юртилган.

Қувғиндаги фаоллар, шунингдек, мажбуран йўқолиб қолиш ёки Интерполнинг дунё ҳуқуқ-тартибот идораларига экстрадиция сўрови берилган шахсни топиш ва вақтинча ҳибсга олиш сўровини берувчи Қизил хабарномаларидан нотўғри фойдаланиш қурбонлари бўлган.

HRW 2024 йили Европа давлатлари ва Туркияда ҳимоя топишга уринган тожик диссидентларининг ғойиб бўлиши ва ҳибсга олиниши билан боғлиқ бир неча ҳолатларни эслатди.

👉 23 февраль ва 10 март кунлари «Гуруҳ 24»нинг икки юқори мартабали аъзоси Насимжон Шарифов ва Суҳроб Зафар Истанбулда ғойиб бўлган. Туркия полицияси иккаласини ҳам 2018 йил март ойида Тожикистон расмийлари илтимосига биноан ҳибсга олган, бироқ кейин уларни қўйиб юборган. Улар яқинда ўз оиласи ва ҳамкасбларига Тожикистон махсус хизматларидан мунтазам равишда таҳдидлар келиб туришини айтишган. Ҳозирча иккала шахснинг қаерда экани номаълум. Дўстлари ва ҳамкасблари уларни Тожикистонга мажбуран олиб кетишган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

👉 5 апрель куни хавфсизлик хизмати Литва миллий хавфсизлигига таҳдид қилганликда айбланган «Гуруҳ 24»нинг собиқ аъзоси Сулаймон Давлатовни қўлга олган. 7 апрель куни у икки ойга ҳибсга олинган. Давлатов 2015 йили бошпана олганидан бери Литвада истиқомат қилади. HRW Литва расмийларини Давлатовнинг Тожикистонга экстрадиция қилиниши хавфини бартараф этишга ва унинг адолатли судловга бўлган ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда, муҳожир ва унинг адвокатига айбловларни тасдиқловчи ҳар қандай далил билан зудлик билан фойдаланиш имкониятини тақдим этишга чақирди.

👉 19 март куни Польша суди «Гуруҳ 24»нинг собиқ фаоли Шабнам Худойдодованинг укаси Комрон Худойдодовни Тожикистонга депортация қилиш таҳдиди остида 19 апрелгача Польшани ўз ихтиёри билан тарк этишга мажбур қилган. Худойдодов 2018 йили опасининг тинч сиёсий фаолияти туфайли Тожикистонда таъқибларга учраганлиги сабабли Польша расмийлари томонидан берилган гуманитар визага асосан Польшага кўчиб ўтган. 2015 йили Тожикистон ҳукумати Шабнам Худойдодовани экстремизм учун Интерпол қизил эълонига киритган. Бироқ, Комроннинг бошпана сўраб қилган аризаси охир-оқибат рад этилган. Тожик расмийлари уни экстремизмда айбламоқда, шунинг учун унинг ватанга қайтганда қийноқларга дуч келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Польша халқаро ҳуқуқ мажбуриятларини бажаришини очиқ айтиши ва Худойдодовнинг Тожикистонга депортация қилиниши эҳтимолини истисно қилиши керак, деб ҳисоблайди HRW.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Литва ва Польшадан ташқари, Австрия, Германия ва Словакия каби Европа Иттифоқининг бошқа аъзолари сўнгги йилларда Тожикистондан бошпана изловчиларни қийноқларга дучор бўлиш хавфи борлигини тасдиқловчи ишончли далилларга қарамай экстрадиция қилгани ёки ватанига қайтариш билан таҳдид қилганини эслатади. Тожикистонга етиб келгач, Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан депортация қилинган шахслар қамоққа олинган.

БМТнинг Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазоларга қарши Конвенцияси, агар у ерда қийноқлар хавфи остида бўлиши мумкинлигига жиддий асослар мавжуд бўлса, шахсни бошқа давлатга чиқариб юбориш, қайтариш ёки экстрадиция қилишни тақиқлайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси ҳам ушбу тақиқни ўз ичига олади. Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар ва Туркия иккала шартноманинг иштирокчиларидир. Бу тамойил Литва, Польша ва Туркиянинг ички қонунчилигига ҳам киритилган, дея эслатади HRW.

«Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Туркия инсон ҳуқуқлари бўйича ўзларининг халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилишлари, жумладан, инсонларни сиёсий фаолияти учун қийноқлар ва таъқиблар кутаётган ватанига қайтармасликлари керак, — дейди Султаналиева.

У Европа Иттифоқи ва Туркияни трансмиллий репрессия ҳолатларини қоралашга ва хорижда танқидчиларни таъқиб этаётган давлатлар билан ҳамкорлик келишувларини қайта кўриб чиқишга чақирди.

ℹ️ «Гуруҳ 24» ижтимоий-сиёсий мухолифат ҳаракати 2012 йили Тожикистонда таниқли тадбиркор Умарали Қувватов томонидан тузилган. 2014 йил октабрь ойида Тожикистон Олий суди қарори билан «Гуруҳ 24» фаолияти экстремистик деб топилиб, республика ҳудудида тақиқланган. Қувватов Тожикистонни тарк этган ва 2014 йил декабридан Туркияда яшаган. У 2015 йил 5 март куни Истанбулда хотини ва болалари кўз ўнгида отиб ўлдирилган.

Тожикистон ҳукумати қочқин мухолифатчилар ва фуқаролик фаолларини қайтариш учун турли чоралар кўрмоқда — кўндиришдан тортиб ўғирлашгача. Шундай қилиб, 2022 йил июль ойида Россияда яшаб, Тожикистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини очиқ танқид қилган ака-ука Рамзи ва Ораз Вазирбековлар Домодедово аэропортида ўғирлаб кетилган. Улар Душанбега олиб келинган ва кейинроқ узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди