Афғонистон шимоли-шарқида юз берган сув тошқини оқибатида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Сув тошқини. AFP фотосурати

10 май куни Афғонистон шимоли-шарқида кучли ёмғир сабаб пайдо бўлган сув тошқини 315 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда DW (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган) «Толибон»* ҳаракати ҳукуматининг Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 12 май ҳолатига кўра, 1600 нафардан ортиқ мамлакат аҳолиси турли даражадаги оғирликда тан жароҳати олган. Энг кўп жабр кўрган вилоятлар Бағлон, Тахор ва Бадахшон бўлган. БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари табиий офат натижасида 1000 дан ортиқ уй вайрон бўлганини, зарар кўрган ҳудудларнинг аксариятига юк машиналари етиб боролмайдиган ҳолатга келганини таъкидлайди.

Save the Children халқаро хайрия ташкилоти табиий офатдан айниқса болалар жабр кўргани ҳақида огоҳлантиради. Қайд этилишича, Бағлон вилоятининг энг кўп жабрланган беш туманида 600 минг киши истиқомат қилади, улардан 310 минг нафари болалардир.

Эслатиб ўтамиз, бу Афғонистонда жорий йил баҳорида содир бўлган иккинчи ҳалокатли сув тошқинидир. Аввалроқ, апрель ойида табиий офат оқибатида 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Ўлимларнинг аксарияти уй томларининг қулаши туфайли содир бўлган. Жами икки мингга яқин бино, учта масжид ва тўртта мактаб зарар кўрган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ