Тожикистон Демократик партияси Адлия вазирлигини раҳбар масаласидаги келишмовчиликни ҳал қилиб беришга чақирди

Саиджафар Усмонзода (чапда) ва Шоҳбоз Аброр. asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистон Демократик партияси (ТДП) кенгаши навбатдан ташқари қурултой ўтказиб, унда депутат Саиджафар Усмонзодани лавозимдан четлатган ҳолда ташкилот раисини қайта сайлади. Сиёсатчи мазкур қарорни тан олмаган ва унинг қонунийлигини республика Адлия вазирлигида инкор этишни режалаштирмоқда, дея хабар беради «Азия-Плюс».

Усмонзодага кўра, 11 май куни унинг иштирокисиз бўлиб ўтган сиёсий уюшма йиғилиши ноқонуний ҳисобланади. Бундан ташқари, унинг фикрича, қурултойни «номаълум бир гуруҳ одамлар» уюштирган ва уларнинг ҳаракатлари «пул билан боғлиқ бўлган ва Тожикистондаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган» бўлиши мумкин.

«Талабаларни йиғиб, гўёки қурултой ўтказишган. Сиёсий Кенгаш партия раҳбари томонидан чақирилади, унинг раҳбарияти ва ҳужжатлар тайёрланади, қурултой олдидан шаҳар ва туманларда конференциялар ўтказилади. Бундай тадбирлар ўтказилмаган», — деб тушунтиради депутат.

Усмонзода Адлия вазирлигига ҳужжатлар тайёрлаётганини ва вазирликдан вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилишини қўшимча қилган.

«Азия-Плюс» хабарига кўра, ТДП қурултойида ташкилот аъзолари Усмонзодани раисликдан четлатиб, Душанбе шаҳар ҳокимлиги ходими Шаҳбоз Аброрни партиянинг янги етакчиси этиб сайлаган. Янги раис, ўз навбатида, уюшма вакилларининг ўз-ўзидан йиғилгани раҳбариятнинг ҳаракатсизлигини ҳисобга олиб, ТДП фаолиятини зудлик билан муҳокама қилишга ва унинг раисини лавозимидан четлаштириш масаласини кўтаришга қарор қилганини айтган. Шу билан бирга, Усмонзода «етарли даражада фаол бўлмагани» туфайли ўз лавозимидан четлатилганини тилга олинган.

Аброрнинг таъкидлашича, мақсади уюшмани қайта тиклаш, чунки ТДП бир кишидан иборат эмас, қарорлар сиёсий кенгаш томонидан қабул қилиниши керак. Янги сайланган раҳбар орган уни партиянинг янги раиси сифатида расман тан олиши учун Адлия вазирлигига мурожаат қилишини айтган.

Сиёсатчининг қўшимча қилишича, Усмонзоданинг мамлакат парламентидаги мандатини бекор қилинишига олиб келадиган ТДП сафидан чиқариб юбориш масаласи ҳозирча кўтарилмаган.

ℹ️ Шаҳбоз Аброр асли Левакантдан, 34 ёшда. У Тожикистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган ва ҳозирда Республика Президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясида таҳсил олади. У бир қанча нашрларда, жумладан, бош муҳаррир, шунингдек, «Тожикфильм» киностудиясида ишлаган. Пойтахт халқ депутатлари Мажлисида Демократик партиядан вакиллик қилади.

ℹ️ Тожикистон Демократик партияси мамлакатда фаолият юритаётган етти сиёсий ташкилотдан биридир. Унинг раҳбари Саиджафар Усмонзода республика парламенти қуйи палатаси депутати бўлиб, ички ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари юзасидан тез-тез баёнот ва ташаббуслар билан чиқишлари билан ҳамкасбларидан ажралиб туради. Шу тариқа у Тожикистонда толибларнинг Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгани ҳақида гапирган биринчи жамоат арбоби бўлади.

««Толибон» ҳаракати ҳеч қачон мамлакат аҳолисини террорга ботирмаслик ва ўз мухолифларига нисбатан амнистия қўллаши ҳақидаги ваъдаларини бажармайди. Толиблар Афғонистонда қўлга олган барча ҳудудларда уларнинг сиёсатига рози бўлмаган болаларни, аёлларни, эркакларни қатл қилишмоқда», — деган депутат ва президент Ашраф Ғанининг мамлакатдан қочишини ўз халқига нисбатан хиёнат дея атаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • Тожик-қирғиз чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатлари фотосуратларда

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар