Эрон аҳолиси пенсия ва ишсизлик нафақаларини ошириш талаби билан митинг ўтказди

iranintl.com сайти фотосурати

Эроннинг камида ўнта шаҳрида, жумладан Теҳронда аҳоли пенсия ва бошқа ижтимоий нафақаларни ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш талаби билан митинглар ўтказди. Бу ҳақда Iran International нашри хабар берди.

Намойишлар якшанба куни навбатдан ташқари президентлик сайловларининг иккинчи босқичи фонида бўлиб ўтди, маълумки сайлов натижада мўътадил ислоҳотчи Масуд Пезешкиан ғалаба қозонди. Кўчаларга асосан пенсионерлар ва илгари нефть-кимё корхоналарида ишлаган ишсиз эркаклар чиққан.

Намойишчилар пенсия ва нафақаларни камбаҳаллик чегарасининг ҳақиқий даражасигача ошириш, бепул ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, иш билан таъминлаш ва иш ҳақини оширишни талаб қилишган.

Бундан ташқари, бир неча узоқ давом этган иш ташлашлар ҳақида хабар берилган. Мамлакат шимолидаги Рудбар шаҳрида сув таъминоти ходимлари саккиз ойлик иш ҳақи қарзини тўлашларини талаб қилиб, намойиш ўтказмоқда. Эрон жанубида декабрь ойидан бери пул олмаган нефть ва газ компаниялари ходимлари иш ташлашлар орқали худди шундай муаммога қарши курашмоқда.

Намойишчилар иш ҳақи бўйича қарзларни ёпишдан ташқари, мустақил касаба уюшмаларини тузиш ва саноатда «эксплуатация қилувчи пудратчилар» ни йўқ қилишни талаб қилишмоқда. Аниқлик киритилишича, сўнгги ўн йил ичида нефть-газ соҳаси воситачи сифатида фаолият юритувчи кучли давлат амалдорларига топширилган. Шундан сўнг, иш ҳақини қисқартириш ва меҳнат шароитларини кучайтириш бошланган.

ОАВ хабарларига кўра, Эрон мисли кўрилмаган иқтисодий инқирозни бошидан кечирмоқда. Йиллик инфляция 50% атрофида. Энг кам иш ҳақи доллар эквивалентида 190 долларни ташкил этади, бу эса мамлакат аҳолисини бир амаллаб кун кечиришга мажбур қилмоқда. Теҳронда кун кечириш минимуми тахминан 500 долларни, бошқа шаҳарларда эса 350 долларни ташкил қилади.

Қайд этилишича, айрим намойишчилар Ислом Республикаси ҳукуматидан касаба уюшмаси фаоли Шарифа Муҳаммадийга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукмини бекор қилишни ҳам талаб қилишмоқда. Кўпчилик аёл фақат кескин баёнотлари ва ҳукуматни танқид қилгани учун таъқиб қилинмоқда, деб ҳисоблайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ