Литва Марказий Осиё давлатлари мигрантлари сони кескин ошаётганидан хавотирда

govoritmoskva.ru сайти фотосурати

Охирги уч йилда Литвага кириб келаётган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари сони 14 баробарга ошган. Бу ҳолат Европа давлати расмийларида ушбу мигрантларнинг исломий радикализмга мойиллиги туфайли хавотир уйғотмоқда. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик департаменти (ДХД) раҳбари Дариус Яунискис маълум қилди, деб ёзади LRT.lt.

Мулозимнинг таъкидлашича, ташриф буюрувчилар оқими кўпайганлиги сабабли унинг бўлими барча хорижликларни текширишга улгурмаяпти, бу эса контрразведка ва терроризмга қарши кураш масалаларида катта хавф туғдиради. Бироқ, ҳозирча жиддий хавотирлар учун асос йўқ, дея қўшимча қилади Яунискис.

«Айни дамда биз эртага ёки бугун намоён бўлиши мумкин бўлган таҳдидни кўрмаяпмиз, аммо антисемитизм ва ғарбга қарши кайфиятлар билан бирга радикаллашув тенденциясини кўряпмиз», — деди ДХД раҳбари.

Унга кўра, ўтган ва жорий йили разведка хизмати террорчи гуруҳларга алоқадор тўрт нафар хорижликни аниқлаган. Шу муносабат билан, мутасаддиларга улар учун яшаш рухсатномаси бермаслик ва мамлакатга киришини тақиқлаш тавсия қилинган.

Литва Бош вазири Ингрида Шимоните Давлат хавфсизлик бошқармаси бошлиғи томонидан билдирилган хавотирларга жавоб берди. У расмийни бу рақамлардан хавотирланишга ҳожат йўқ, чунки Марказий Осиёдан келган муҳожирлар сони кескин ошганига қарамай, уларнинг умумий сони унчалик кўп эмаслигига ишонтиради.

Бош вазирнинг аниқлик киритишича, йил бошидан 1 октябрга қадар фақат бир неча юз нафар хорижлик Литвада вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олган.

«Муаммолар пайдо бўлди, аммо улар янги қонунлар туфайли қисман ҳал қилинди. Ишончим комилки, 2025 йили кучга кирадиган учинчи давлатлар ишчилари учун квоталар жорий этилиши билан биз бу масалани янада тартибга солишимиз мумкин», — дея таъкидлади Шимоните.

ℹ️ Литва миграция департаменти маълумотларига кўра, жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатда 10,6 минг нафар Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилмоқда. Таққослаш учун, йил бошида 8,2 мингга яқин, 2022 йили эса атиги 998 киши бўлган. Шунингдек, жорий йилнинг тўққиз ойида тожикистонликлар сони кўпайган – 5,7 мингдан 7,2 минг нафарга.

Ўзбекистон ва Тожикистон Литвада ўз фуқаролари сони бўйича 4 ва 5-ўринларни эгаллаган. Бу ерда 77,5 минг киши билан Украина етакчилик қилмоқда, Беларусь (61,3 минг) ва Россия (15,3 минг). Умуман олганда, Европа давлатида яшаш рухсатномасига эга деярли 222 минг хорижлик бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ