Эронлик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Киануш Санжари (Kianoosh Sanjari) Эрондаги репрессив режимга қарши норозилик сифатида ўз жонига қасд қилди, деб хабар беради Iran International.
13 ноябрга ўтар кечаси Санжари Х (собиқ Twitter) да чоршанба оқшомига қадар тўртта сиёсий маҳбусни озод қилишларини талаб қилиб пост чоп этган.
«Агар бугун кечқурун соат 19:00 га қадар... уларнинг озод қилингани ҳақида судялар сайтида эълон берилмаса, мен Хаманаий ва унинг шериклари диктатурасига қарши норозилик сифатида ўз жонимга қасд қиламан», — деб ёзган 42 ёшли фаол.
Ултиматум муддати тугагандан сўнг, Санжари Теҳрондаги кўприкдан олинган суратни жойлаштирган: «Соат 19:00, Ҳофиз кўприги».
«Ҳеч ким ўз фикрини ифода этгани учун қамалмаслиги керак. Норозилик ҳар бир Эрон фуқаросининг ҳуқуқидир. Бу твитдан кейин ҳаётим тугайди, лекин унутмайлик, биз ўлимни эмас, ҳаётни севганимиз учун ўламиз. Бир кун келиб эронликлар уйғониб, қуллик устидан ғалаба қозонишини истардим», — деб ёзган Киануш Санжари ўзининг Х (собиқ Twitter) даги сўнгги постида.
Бир неча соат ўтгач, унинг ўлимини фаол Ҳусайн Ронахи (Hossein Ronaghi) тасдиқлайди, у Х саҳифасида шундай деб ёзади: «Биз кечадан бугунгача қўлимиздан келганини қилдик, аммо Киануш оламдан ўтди».
👉 Киануш Санжари тўрт сиёсий маҳбус: Фотима Сепеҳри, Насрин Шакарами, Тумаж Салеҳий ва Аршам Ризоийни озод этишларини талаб қилган. Уларнинг барчаси 2022 йили 22 ёшли Маҳса Амини ўлимидан сўнг ўтказилган норозилик намойишларида қатнашгани учун ҳибсга олинган.
Эрон ҳукумати Киануш Санжарини 1999-2007 йиллар давомида инсон ҳуқуқлари ва демократия тарафдори бўлганлиги учун бир неча бор ҳибсга олган ва қамоққа ташлаган. 2007 йили у Эрондан қочиб кетган ва Amnesty International кўмагида Норвегиядан бошпана олган. У чет элда бўлганида ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятини давом эттирган.
Санжари 2016 йили ота-онасининг ёнида бўлиш учун Эронга қайтади. У ҳибсга олинган ва Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида 11 йилга ҳукм қилинган. Санжари ҳибсда бўлганида бир неча марта унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишган, жумладан, психиатрия касалхонасига мажбуран ётқизишган ва электрошок терапиясини қўллашган. Бир куни у шундай деган эди: «Тунда ҳамшира жағимни карахт қилиб қўядиган укол қилди... Уйғонганимда, қўлларим ва оёқларим каравотга кишанланган эди». 2019 йили ҳуқуқ ҳимоячисини тиббий сабабларга кўра гаров эвазига қўйиб юборишган.