АҚШ Молия вазирлиги болалар уйи тарбияланувчиларини зўрлаган уч нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан санкция жорий қилди

shabellemedia.com сайти фотосурати

АҚШ Молия вазирлиги бундан олдин вояга етмаганлар билан жинсий алоқада бўлганликда айбдор деб топилган Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида яшовчи уч нафар фуқарога нисбатан санкциялар жорий қилди.

Санкцияларга аввали Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйини бошқарган Юлдуз Худайбергенова, вилоят Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовлар киритилган.

Рўйхатга олинган фуқароларнинг Қўшма Штатларда мавжуд ёки ушбу мамлакат фуқаролари эгалигида ёки назоратида бўлган барча мулки ва мулкий манфаатлари блокланади ва улар Хорижий активларни назорат қилиш идорасига (ОFАC) топширилиши керак. Мазкур шахсларнинг ва уларнинг оила аъзоларининг Қўшма Штатларга кириши тақиқланади.

АҚШ Молия вазирлигининг қайд этишича, мазкур шахслар давлат хизматчиси бўлиб ишлаган вақтида бир неча бор жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик ва етим болалар савдоси билан шуғулланган. Худайберганова камида 3 нафар вояга етмаган қизни камида 10 ой давомида турли эркаклар билан пул ва товарлар эвазига жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Машарипов ва Курязов болалар уйига берган «совға»лари эвазига етим болалар билан жинсий алоқада бўлишни талаб қилишган.

«Худайберганова, Курязов ва Машариповлар 13818-сонли ижро қарорига биноан инсон ҳуқуқларини жиддий бузгани ёки бу ишда шерик бўлгани ёки билвосита иштирок этгани учун жавобгардир», — дейилади OFAC хабарида.

Таъкидланишича, санкциялар Халқаро қулликка барҳам бериш куни – 2 декабрь куни киритилган. 13818-сонли қарор 2017 йил 20 декабрда Магницкий Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал жавобгарлик тўғрисидаги қонунига мувофиқ, «АҚШдан ташқарида тўлиқ ёки қисман инсон ҳуқуқлари бузилиши ва коррупциянинг кенг тарқалганлигини халқаро сиёсий ва иқтисодий тизимлар барқарорлигига таҳдид соладиган даражага етиб борганини эътироф этиш учун чиқарилган».

ℹ️ «Магницкий акти 2012 йили Қўшма Штатларда қабул қилинган қонун бўлиб, коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадор шахсларга нисбатан шахсий жазо чораларини қўллаш имконини беради. У 2009 йили Москва тергов изоляторида вафот этган аудитор ва адвокат Сергей Магницкий шарафига номланган. Дастлаб, Магницкийнинг тергови ёки ўлими билан боғлиқ бўлган санкциялар рўйхатига 60 нафар россиялик амалдор киритилган бўлса, кейинчалик унга бошқа мамлакатлардан одамлар ҳам қўшила бошланди.

ℹ️ «Хоразм педофиллари» иши Урганч шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам зўрлаб келгани учун Машарипов ва Курязовларнинг амалда жазодан қутулиб қолгани жамоатчиликнинг катта эътирозига сабаб бўлганди. 2022 йил сентябрида суд уларни 1,5 йилга озодликни чеклаш жазосига маҳкум қилди, болалар уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова 5,5 йилга озодликдан маҳрум бўлди. Айбланувчилар вилоят судига апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва суд ҳукмни ўз кучида қолдирилган.

2023 йил февраль ойида Nemolchi.uz зўравонликка қарши лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко Олий Мажлис Сенатининг аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш масалалари бўйича ишчи гуруҳи йиғилишида Урганчдаги Меҳрибонлик уйида содир бўлаётган жиноятлар ҳақида гапириб берган. Воқеа оммага ошкор бўлиб, жамиятда норозилик кучайгандан кейингина Хоразм вилоят прокуратураси Машарипов ва Курязов иши бўйича қарорнинг бир қисмини бекор қилиш ва уларнинг ишини янгидан апелляция судида кўриб чиқиш учун Олий судга кассация протести юборган. 2023 йил ноябрида Машарипов ва Курязов уч йилга озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик маълум бўлишича, собиқ амалдорлар жазони колония посёлкасида ўташмоқда.