Толиблар Туркманистон билан чегарада ТАПҲ газ қувури қурилиши бошланганини эълон қилди

ТАПҲ. ariananews.af сайти фотосурати

Афғонистонда ТАПҲ газ қувури қурилиши бошланди. Бу ҳақда «Толибон»* расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ArianaNews нашрига маълум қилди.

Мужоҳиднинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган техник жиҳозлар Афғонистон ва Туркманистон ўртасидаги чегара зонасига етказилган ва амалий ишлар бошлаб юборилган.

«Ушбу лойиҳанинг турли бўлимлари устида кўплаб мутахассислар ишламоқда, унинг биринчи босқичи яқин икки йилда якунланади», — деди Мужоҳид.

Унинг қўшимча қилишича, яқин орада Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга минтақавий электр узатиш линияси – CАSА-1000 лойиҳасини амалга ошириш бўйича амалий ишлар бошланади.

«Афғонистон аста-секин мустаҳкамланади ва мамлакат фуқаролари яхши иш ўринлари билан таъминланади», — деди Мужоҳид.

Мутахассисларнинг фикрича, ТАПҲ минтақа иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Хусусан, унинг қурилиши тугаллангач, 12 минг киши иш билан таъминланади, мамлакатнинг йиллик даромади 1 миллиард долларга ошади.

ℹ️ ТАПҲ — Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувурини қуриш лойиҳаси. Унинг узунлиги 1840 км бўлади. Лойиҳа туркман гази Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистон бозорларига етказилишини назарда тутади. Туркманистон ҳудудида 214 км узунликдаги участканинг қурилиши аллақачон якунланган. Кейинги вазифа Афғонистон орқали қувурларни ётқизишдир. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллиард долларга баҳоланмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Туркманистон терма жамоаси дарвозабонига чет элга чиқиш тақиқланди

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида