Тверь вилояти ҳокимияти мигрантларга 82 та соҳада ишлашни тақиқлади

travelask.ru сайти фотосурати

Тверь вилояти ҳокимияти 2025 йилдан бошлаб чет эл фуқароларини жалб қилиш тақиқланадиган иқтисодий фаолият турлари рўйхатини икки бараварга кўпайтирди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Агар бугунги кунда вилоятда яшовчи чет элликлар 36 та соҳада ишлаш ҳуқуқига эга бўлмаган бўлса, 2025 йилдан бошлаб улар учун тақиқланган фаолият турлари сони 82 тага етказилади.

Энергетика, сув таъминоти, компьютер ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, ахборот технологиялари соҳасидаги фаолият, ижара ва лизинг, ветеринария, сайёҳлик агентликлари бошқа соҳаларда хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган 52 та йўналишда тўлиқ тақиқ жорий этилмоқда. Тақиқ нашриёт, кўнгилочар ва илмий тадқиқотлар каби соҳаларга ҳам тегишли бўлади.

Ўсимликчилик, балиқчилик ва чорвачилик, гўшт ва балиқни қайта ишлаш, сут ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда хорижликлар сони чекланган. Чекловлар электр жиҳозлари, транспорт воситалари, мебель ишлаб чиқариш, таъмирлаш, машина ва ускуналарни ўрнатиш ва бошқа фаолият турларига ҳам тегишли.

Расмийлар янги тақиқ ва чекловларни минтақа иқтисодиётидаги мигрантлар сонини камайтириш ва туб аҳолини қўллаб-қувватлаш истаги билан изоҳлашмоқда. Бўшатилган иш ўринларини Юқори Волга ҳудуди аҳолиси, жумладан, ёшлар эгаллаши кутилмоқда.

«Биз бу ишларни тизимли равишда олиб боряпмиз. Биз имкон қадар бизнес позициясини ҳисобга олишга ҳаракат қилдик. Аммо шу билан бирга, давлатнинг стратегик хавфсизлиги масалалари устуворлигича қолмоқда», — дея тушунтирди Тверь вилояти губернатори Игор Руденя ҳукумат мажлисда.

Юқори Волга ҳудудида меҳнат патентини олган хорижликлар асосан малака талаб қилмайдиган касбларда ишлашлари мумкин бўлади — масалан, юкчилар ва ёрдамчи ишчилар, дея қўшимча қилди Тверь ҳукумати матбуот хизмати.

👉 2025 йилдан бошлаб вилоятда меҳнат мигрантлари учун патент нархи 14 973 рублгача ошади, бу ҳозирги миқдордан 39,4 фоизга юқори. Бу ушбу ҳужжатнинг нархини Марказий Федерал округдаги энг юқори кўрсаткичга айлантиради. Масалан, Москвада патент нархи 8,9 минг рублгача кўтарилади.

ℹ️ Аввалроқ Нижний Новгород вилояти ҳокимияти хорижликларга меҳнат патентларини бериш тўхтатилганини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Туркманистон терма жамоаси дарвозабонига чет элга чиқиш тақиқланди

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида