Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги раҳбари Дмитрий Ядров Грозний аэропортига Azerbaijan Airlines самолёти қўнаётганида ҳудудда дрон ҳужуми қайд этилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Бундан ташқари, аэропортда зич туман бўлган. Росавиация раҳбари баёнотини ТАСС эълон қилди.
«Шу куни ўша соатларда Грозний аэропорти ҳудудида вазият жуда оғир бўлганини таъкидламоқчиман. Бу вақтда Украина жанговор дронлари Грозний ва Владикавказ шаҳарларидаги фуқаролик инфратузилмасига террорчилик ҳужумларини уюштираётган эди. Шу муносабат билан Грозний аэропорти ҳудудида барча самолётларнинг белгиланган ҳудуддан зудлик билан жўнаб кетишини назарда тутувчи «Гилам» режими жорий этилган. Бундан ташқари, Грозний аэропорти ҳудудида зич туман бўлган. 500 метр баландликда кўриш имконияти бўлмаган», — деган Ядров.
Унинг сўзларига кўра, ҳаво кемаси қўмондони самолётни қўндиришга икки марта уриниб кўрган, аммо у муваффақиятсизликка учраган.
«Командирга бошқа аэропортларга қўниш таклиф қилинган. У Ақтау аэропортига учишга қарор қилган», — дея қўшимча қилган Росавиация раҳбари.
У, шунингдек, Россия Қозоғистон ва Озарбайжонга самолёт ҳалокатини тергов қилишда ҳар томонлама ёрдам беришини таъкидлаган.
Аввалроқ, Ахмат Қодиров номидаги Грозний аэропорти бош директори Алви Шахгириев Regnum агентлигига самолёт «Гилам» режими жорий этилишидан олдинроқ уларни «ташлаб кетганини» айтган эди.
«Самолёт аэропортимиз ҳудудига кириб, уч марта қўнишга уринди, бироқ ёмон об-ҳаво шароити – туман ва паст булутлар туфайли қўна олмади. Самолёт командирининг ўзи муқобил аэродромга кетишга қарор қилди. У диспетчерларимизга Бокуга кетаётганини айтди. Кейин фикридан қайтган ва Ақтауга йўл олган», — деганди Шахгириев.
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Embraer-190 самолёти Бокудан Грознийга учган. У Чеченистон пойтахтига қўна олмаган, шундан сўнг самолёт орқага бурилиб, Қозоғистоннинг Актау шаҳрига учиб кетган. Самолёт аэропортдан 3 км узоқликда қулаган. 38 киши ҳалок бўлди.