Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги «Ғишткўприк» божхона пости тўрт ойга ёпилади

inform.kz сайти фотосурати

2025 йил 5 февралдан Тошкент вилоятида Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида жойлашган «Ғишткўприк» божхона пости тўрт ойга ёпилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

Қўмитаманинг тушунтиришича, чеклов постдаги кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишларини мантиқий якунига етказиш мақсадида киритилмоқда. Жумладан, вақтинчалик бинолар демонтаж қилинади, ҳудуд ободонлаштирилади, зарур инфратузилма қурилади.

«Ғишткўприк»да олиб борилаётган таъмирлаш ишлари давомида мутасаддилар фуқароларга Тошкент вилоятида жойлашган «Навоий» чегара божхона постидан фойдаланишни тавсия этади. Дарвоқе, икки пост орасидаги масофа 20 километрдан ошмайди.

Шунингдек, жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракати учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида «Навоий» чегара божхона постида юк автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади, дея аниқлик киритади божхона қўмитаси.

«Ғишткўприк» божхона постини реконструкция қилиш ишлари 2022 йил ноябрь ойида бошланган. Маълум бўлишича, лойиҳага кўра, пост ҳудуди 1,5 гектарга кенгайтирилиб, ўтказиш қобилияти 350 дан 1000 тагача автотранспорт, шунингдек, 30 мингдан 50 минг нафар жисмоний шахсга етказилади. Бироқ, ўшанда расмийлар таъмирлаш вақтида божхона постини ёпишни режалаштирмаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Россияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида

  • Нима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида

  • Қозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида