Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва АҚШда жойлашган муқаддас Иуда Фаддей болалар тадқиқот касалхонаси қўшма лойиҳани ишга туширди. Унинг доирасида бир нечта мамлакатдаги болаларга саратон касаллигини даволаш учун юқори сифатли дори-дармонлар бепул етказиб берилади. Биринчи босқичда дорилар Мўғулистон ва Ўзбекистонга жўнатилади, дея аниқлик киритади ЖССТ матбуот хизмати.
Ташкилот вакиллари таъкидлашича, лойиҳанинг биринчи босқичи аллақачон бошланган. Ҳаммаси бўлиб, дори воситаларини олти давлат ўртасида тарқатиш режалаштирилган. Рўйхатга юқорида тилга олинган икки давлатдан ташқари Замбия, Эквадор, Иордания ва Непал киритилган. Биргина жорий йилнинг ўзида беш мингга яқин саратон касаллигига чалинган болалар дори-дармонлар билан таъминланиши кутилмоқда.
Мазкур лойиҳа бу турдаги биринчи ташаббус ҳисобланади. Олтита давлат бекорга танланмаган. ЖССТ маълумотларига кўра, кам ва ўрта даромадли мамлакатларда саратон касаллигига чалинган болаларнинг омон қолиш даражаси кўпинча 30% га ҳам етмайди.
Бирок, мутахассислар таъкидлашича, ташаббус давом этади. Келгуси беш-етти йил ичида 50 та мамлакатга саратонга қарши дори-дармонларни етказиб бериш режалаштирилган, бу охир-оқибат тахминан 120 000 беморни дори-дармонлар билан таъминлайди ва ўлим даражасини пасайтиради.
«ЖССТ муқаддас Иуда Фаддей касалхонаси билан бутун дунё бўйлаб болалар соғлиғини ҳимоя қилиш ва уларга умид беришга мўлжалланган қўшма лойиҳадаги иштирокидан фахрланади», — дейди халқаро ташкилот Бош директори Тедрос Гебрейесус.
ℹ️ Муқаддас Иуда Фаддей болалар тадқиқот касалхонаси саратон, ўроқсимон ҳужайрали анемия ва ҳаёт учун хавфли бўлган бошқа касалликларни ўрганиш ва даволаш бўйича дунёда етакчи муассаса ҳисобланади. Клиника Теннесси штатининг Мемфис шаҳрида жойлашган бўлиб, Миллий саратон институти томонидан тайинланган ягона кенг қамровли болалар саратони марказидир.