Қозоғистон ва Европа Иттифоқи муҳим хом ашё бўйича 3 миллион евролик шартнома имзолади

akorda.kz сайти фотосурати

Европа Иттифоқи ва Қозоғистон муҳим хомашё бўйича 3 миллион евролик ҳамкорлик шартномасини имзолади, деб хабар берди Европа Иттифоқининг республикадаги делегацияси. Шартнома Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан амалга оширилади. У Европанинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикеланинг Қозоғистонга ташрифи чоғида имзоланди.

Шартнома «муҳим хомашё секторида барқарор ва масъулиятли таъминот занжирларини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни аниқлаш ва илғор халқаро тажрибаларни илгари суришда ёрдам беради», дейилади баёнотда.

«Европа Иттифоқи ва Қозоғистон табиий ҳамкорлардир. Европа иқтисодиётимизни модернизация қилиш учун зарур бўлган муҳим хомашёдан ишончли фойдаланишга муҳтож ва биз уларни қазиб олиш ва ривожлантиришда Қозоғистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоримиз. Бу ҳамкорлик барча Марказий Осиё давлатларини, жумладан Қозоғистон иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлаш, унинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, қозоғистонлик бизнес учун янги имкониятлар яратиш, инновацияларни рағбатлантириш ва юқори сифатли иш ўринларини яратишга қаратилган», — деди Сикела.

Унинг ташрифи чоғида имзоланган яна бир ҳужжат — Европа инвестиция банки (ЕИБ) ва Қозоғистон тараққиёт банки (ҚТБ) ўртасида 200 миллион евро миқдоридаги кредит шартномаси бўлди. Маблағлар инфратузилма лойиҳаларига (хусусан, Транскаспий транспорт йўлаги), қайта тикланадиган энергия манбалари, сув ресурслари ва иқлим ўзгариши бўйича ташаббусларга йўналтирилади.

Европа комиссари Қозоғистонга Марказий Осиё давлатларига ташрифи доирасида қадам босди. Оқўрдада уни Республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабул қилди ва Қозоғистон ЕИнинг минтақадаги асосий ҳамкори бўлиб қолаётганини яна бир бор таъкидлади. Сикела, ўз навбатида, унинг сафари Европа Иттифоқининг Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан янада чуқурроқ ва барқарор ҳамкорликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ