Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) объектлари йил бошидан буён уч марта дронлар ҳужумига учради, деб хабар берди КҚК матбуот хизмати.
24 мартга ўтар кечаси навбатдаги ҳужум қайтарилган. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, тунги соат иккиларда Краснодар ўлкасидаги Кропоткинская нефть насос станцияси (ННС) траекториясида учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган. Дрон қолдиқлари Кавказская темир йўл станцияси яқинига қулаб тушган.
Аввалроқ, 19 март куни бир нечта дрон Кавказская нефть насос станциясига ҳужум қилган. Маълумки, мазкур объект орқали хомашё КҚК қувурлари тизимига юборилар ва компаниянинг денгиз терминалида танкерларга юкланар эди. Мазкур йўналиш орқали ҳар ойда камида 130 минг тонна нефть ташилган, 2024 йили 1,51 миллион тонна. Бундан аввал, 17 февраль куни «Кропоткинская» нефть насос станциясига еттита дрон ҳужум қилган эди. Улар портловчи моддалардан ташқари шикастловчи металл парчалари билан ҳам жиҳозлангани айтилмоқда.
«Украина дронлари зарбаси натижасида «Кропоткинская» ННС ёпилганидан сўнг, кўрсатилган пункдан йил давомида нефтни ташиш ҳажми камайди ва «Кавказская ННС вайрон бўлганидан сўнг, яқин келажакда нефть ташишнинг иложи бўлмайди. Ҳозирда КҚК «Кропоткинская» насос станциясида тиклаш ишларини давом эттирмоқда», — деди компания ходимлари. Улар дронлар ҳужуми КҚК ва унинг акционерлари, шу жумладан Қозоғистон ва Америка компанияларига молиявий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатаётганини, шунингдек, ходимлар, пудратчилар ва атроф-муҳит учун хавф туғдираётганини таъкидладилар.
КҚК нефть қувурлари тизими Каспий минтақасидан нефтни жаҳон бозорига ташишнинг энг йирик йўналиши ҳисобланади. Узунлиги 1500 км бўлган магистрал қувур Ғарбий Қозоғистон конларини (Тенгиз, Қарачаганак ва Қашаган) Россиянинг Қора денгизи соҳиллари билан боғлайди, бу ерда нефть КҚК денгиз терминали орқали танкерларга юкланади. Ҳозирги вақтда Тенгиз-Новороссийск магистрал нефть қувури бўйлаб нефтни ташиш вақтинчалик фавқулодда схема бўйича «Кропоткинская» ННСни четлаб ўтган ҳолда амалга оширилмоқда.
Қозоғистон Энергетика вазирлиги йил бошидан бери учинчи марта дронлар ҳужуми амалга оширилганидан сўнг республика конларидан нефть нормал режимда консорциум қувурлари орқали ҳайдалаётганини маълум қилди. «Қозоғистон нефтига КҚК томонидан ҳеч қандай чекловлар йўқ», — дея ишонтирди вазирлик.