Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (муфтият) мамлакатда жорий этилган жамоат жойларида ниқоб кийишни тақиқлашни қўллаб-қувватлаб, кийимнинг бу элементини «жамиятга ёт» деб атади. Тегишли изоҳ диний ташкилот сайтида эълон қилинди.
Муфтиятнинг таъкидлашича, ҳозирда жорий қилинган тақиқ бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда, шу сабабли идора ўз нуқтаи назарига ойдинлик киритишга қарор қилган. Қирғизистон Республикаси Мусулмонлари диний бошқармаси таъкидлашича, шариатга кўра, вояга етган муслима аёл юзи ва қўлларидан ташқари баданини ёпиши шарт. Шунга кўра, аёллар учун ҳижоб (рўмол) ва кенг кийим кийиш мажбурийдир. Юзни тўлиқ қоплайдиган ва фақат кўз учун ёриқ қолдирадиган ниқоб кийиш шарт эмас.
«Ниқоб жамиятимиз учун ёт нарса. Бугунги воқелик шундайки, ниқоб кийимидаги бадкирдорлар жамоат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Шунинг учун кимлигини билдириш учун очиқ чеҳрада юриш муҳим», — дейилади диний идора баёнотида.
Шунингдек, муфтият диний масалаларни манипуляция қилиш ва улардан исён ёки бошқа сиёсий ҳаракатлар учун фойдаланиш Исломда гуноҳ эканини эслатади.
Жалолобод вилояти полицияси кўчада юзини беркитиб юрган аёллар билан тушунтириш ишларини олиб борганидан сўнг ниқоб кийиш бўйича баҳс авж олган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари муслима аёлларга ушбу турдаги кийим-кечак тақиқлангани ҳақида эслатма тарқатган ва агар қонун яна бузилса, фуқаролар 20 минг сом (230 доллар) миқдорида жаримага тортилишидан огоҳлантирган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам вазиятга изоҳ берди. У моҳиятан оддий рўмол бўлган ҳижоб оналар, опа-сингиллар ва бувиларнинг анъанавий бош кийими эканини тушунтирди. Ва уни кийиш ёки киймаслик ҳар бир аёлнинг шахсий иши. Шунингдек, рўмолни қандай ўраш ҳам. Асосийси, давлат раҳбарининг фикрича, юз очиқ қолиши керак.
Шу муносабат билан фақат кўзни очиқ қолдирадиган ниқоб, шунингдек, бутун баданни қоплайдиган паранжи муфтият томонидан тақиқланган.
«Бизнинг урф-одатларимизда аёллар ҳеч қачон паранжи киймаган ва буни муаммога айлантирмаслик керак», — дея хулоса қилади Жапаров.
Унинг қўшимча қилишича, бу тақиқ диний ишларга аралашмайдиган ҳукумат ташаббуси эмас, балки республика мусулмонлари диний бошқармаси томонидан ўрнатилган қоидалардир ва давлат фақат ушбу қоидалар бажарилишини таъминлашга ёрдам беради.
ℹ️ Жорий йилнинг 21 январь куни Жапаров диний соҳага оид қонунларни имзолади. Жумладан, маълум бир ҳужжатда бир қатор тақиқлар назарда тутилган, улардан бирида жамоат жойларида фуқаро шахсини аниқлашга имкон бермайдиган кийимларни кийиб юриш тақиқланади.