Олмаотада ярим марафонда икки иштирокчи ҳалок бўлганидан сўнг Қозоғистонда оммавий спорт тадбирларини ўтказиш қоидалари кучайтириладиган бўлди. Бу ҳақда республика Спорт ва туризм вазири Ербол Мирзабўсинов ўзининг Instagram (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.
«Оммавий спорт хавфсиз бўлиши ва юқори ташкилий талабларга жавоб бериши керак. Туризм ва спорт вазирлиги бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли идораларга юборади», — деб ёзади у.
Мирзабўсинов икки иштирокчи ўлимини «алоҳида эътибор талаб қиладиган фожиали воқеа» дея таъкидлаб, мазкур ҳодиса юзасидан кенг қамровли тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, иштирокчиларнинг соғлиғи, мусобақанинг ташкил этилиши, тиббий хизмат кўрсатиш даражаси, хавфсизлик қоидаларига риоя этилиш ҳолатлари таҳлил қилинаётганини таъкидлади.
Almaty Half Marathonдаги фожеа 20 апрель куни содир бўлди. Иштирокчилар 84 ёшли Аккоян Рсалиев ва 21 ёшли Нурбол Аҳмади дистанцияда ҳалок бўлган. Эркаклар пойгаларда мунтазам қатнашиб келган. Рсалиев биринчи километрда ўзини ёмон ҳис қилган. Тиббий гуруҳ бир дақиқада етиб келган, аммо унинг юраги уришдан тўхтаган бўлган. «Дастлабки хулосага кўра, ўпка эмболияси юз берган, эркакда сурункали артериал гипертензия бор бўлган», – дейди шифокор Алибек Хўжаназаров.
Аҳмади пойганинг 16-километрида ҳушини йўқотган. Шифокорлар уни жонлантиришга ҳаракат қилишган, бироқ у тез ёрдам гуруҳи етиб келгунга вафот этган. Дастлабки ташхис, шунингдек, ўпка эмболияси ва ўткир юрак этишмовчилиги бўлган.