Хоккей бўйича жаҳон чемпионатида Қирғизистон ва Туркманистон терма жамоалари иккинчи бор ғалаба қозонди

Туркманистон-Туркия ўйинидан лавҳа. Туркия хоккей федерацияси матбуот хизмати фотосурати

Хоккей бўйича жаҳон чемпионати III дивизиони А гуруҳида Қирғизистон ва Туркманистон терма жамоалари иккинчи учрашувларини ўтказди. Иккала жамоа ҳам ғалаба қозонди.

Қирғизистон терма жамоаси Люксембургни қийинчиликсиз 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Мутахассисларни ҳайратда қолдирган люксембургликлар ўйиннинг деярли ярмида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишди. Фақат 29-дақиқада Михаил Чувалов ҳисобни очди. Орадан бир-икки дақиқа ўтиб Ерсултан Мирбеков қирғизистонликларнинг устунлигини дубл қилди. Иккинчи бўлим тугашига оз вақт қолганида Мамед Сейфулов учинчи шайбани рақиб дарвозасига йўллади. Учинчи бўлимда қирғизистонлик хоккейчилар уч бор рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Дастлаб Владимир Носов шайба киритди, кейин Исломбек Абдираев дублга эришди.

Туркман хоккейчилари кутилмаганда турнир мезбонлари, гуруҳ фаворити ҳисобланган Туркия терма жамоасини мағлуб этишди. Учрашувнинг 8-дақиқасида Кервен Байлиев Туркманистон терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Турклар биринчи бўлим тугашига уч дақиқа қолганида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Иккинчи йигирма дақиқа бошида Александр Ваховский туркманистонликларнинг иккинчи шайбасини киритди ва якунда у ғалаба гарови бўлди. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида турк хоккейчилари шайба уришди, бироқ видео кўрикдан сўнг ҳакам шайбани ҳисобга олмади.

III дивизионнинг А гуруҳидан ўрин олган яна бир учрашувда Жанубий Африка терма жамоаси Босния терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Икки ўйиндан сўнг олти очко билан биринчи ўринни Қирғизистон ва Туркманистон бўлишиб турибди.

Учинчи турда 24 апрель куни Туркманистон Люксембург, Қирғизистон Босния, Туркия эса Жанубий Африка билан ўйнайди.

21-27 апрель кунлари Туркияда III дивизион А гуруҳидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Турнир ғолиби II дивизионнинг В гуруҳига йўл олади. Сўнгги ўринни эгаллаган жамоа III дивизионнинг В гуруҳига тушиб кетади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ