Афғонистоннинг 15 вилоятида тирик мавжудотлар тасвирини суратга олиш ва намойиш этиш тақиқланди

БОМИЁН ОАВ КЎРСАТУВИДАН КАДР. AFJC.MEDIA САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Афғонистонда тирик мавжудотлар тасвирини суратга олиш ва кўрсатиш тақиқланган вилоятлар сони 15 тага етди. Бу ҳақда Афғонистон журналистика маркази (AFJC) хабар берди.

Тақиқ «Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддаси 3-бандига мувофиқ жорий этилган. Маҳаллий ҳокимият органларига журналистлар ва жисмоний шахсларга ҳеч қандай шароитда ҳам учрашув ва тадбирларни суратга ёки видеога олишга рухсат бермаслик топширилган.

«Директивада ҳар қандай қоидабузарликлар учун қонуний чоралар кўрилиши аниқ кўрсатилган», — дейилади AFJC хабарида.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш юзасидан мутасаддилардан оғзаки кўрсатмалар берилган. Телеканаллар энди жонсиз жисмлар, ландшафтлар, бинолар ва интерьерлар тасвирлари билан тўлдирилган фақат аудио форматдаги репортажларни эфирга узатади.

Шундай қилиб, 2024 йил август ойида «Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш тўғрисида»ги қонун кучга кирганидан бери Афғонистоннинг 34 вилоятидан 15 тасида тақиқ жорий қилинган. Рўйхатга Қандаҳор, Тахор, Бодғис, Ҳилманд, Нангарҳор, Нуристон, Фараҳ, Бадахшон, Бағлон, Нимруз, Жаузжон, Зобул, Парвон, Бомиён ва Қундуз киритилган.

AFJC жонли мавжудодларни кўрсатиш тақиқланганини қоралаб, бундай чекловлар сўз эркинлиги ва маълумотлардан фойдаланиш тамойилларига зид эканини, Афғонистон ОАВ қонунларига зид эканлигини ва журналистлар ишини хавф остига қўйишини айтади.

«Оммавий ахборот воситалари эркинлигини қўллаб-қувватлаш ва журналистлар ўз ишларини қўрқмасдан ва зарарсиз бажаришларини таъминлаш жуда муҳим», — дейилади AFJC хабарида.

ℹ️ AFJC маълумотларига кўра, жорий йил март ойи ҳолатига кўра, Афғонистонда 470 та оммавий ахборот воситалари, жумладан, 84 та телеканал, 273 та радиостанция, 57 та ахборот агентлиги ва 52 та босма нашрлар фаолият юритмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ