Қозоғистон ва Вьетнам стратегик шериклик ўрнатилгани ҳақида эълон қилди, деб хабар беради Оқўрда сайти. Тегишли қарор Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби То Ламнинг Остонага давлат ташрифи чоғида қабул қилинди.
«Томонлар икки томонлама муносабатлар даражасини стратегик шериклик даражасига кўтариш ва ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олдилар (...)», — дейилади Оқўрда томонидан эълон қилинган То Лам ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг қўшма баёнотида.
Ҳужжатда томонлар хомашё манбаларини диверсификация қилиш учун нефть ва газ қазиб олиш соҳасида ҳамкорлик қилиши айтилган. Хусусан, «КазМунайГаз» ва Petrovietnam Exploration Production компанияси ўртасида геологик қидирув ишлари бўйича шартнома имзоланди.
Миллий мудофаа, хавфсизлик ва қонунчилик соҳасида Қозоғистон ва Вьетнам раҳбарлари кадрлар тайёрлаш ва БМТнинг тинчликпарвар операциялари соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ахборот алмашишга келишиб олдилар.
Транспорт соҳасида томонлар 2024 йил 24 декабрда Қозоғистоннинг «Qazaq Air» лоукостерини (сотувчи «Самрук-Қазына» миллий фаровонлик жамғармаси) Вьетнамнинг Sovico Group томонидан сотиб олиш бўйича имзоланган келишувни юқори баҳоладилар. Авиакомпания ўз номини VietJet Qazaqstanга ўзгартириши маълум. Қозоғистон Бош вазири ўринбосари ва Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин Оқўрда кулуарида журналистларга Sovico Group компанияси республика аэропортларидан бирини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди.
Томонлар, шунингдек, ишчи кучи алмашинувини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар ва юқори технологиялар ва космик тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Ниҳоят, мамлакатлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Вьетнам Қозоғистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги асосий ҳамкорларидан биридир. Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йили мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 859,4 миллион долларни ташкил қилган. Яқин келажакда улар бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш ниятида.