Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи қуввати 180 МВтга оширилади

РОҒУН ГЭСИ. ТОЖИКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Қурилиш тугагандан сўнг Роғун ГЭСининг қуввати 3780 МВтни ташкил қилади. Бу ҳақда «Азия-плюс» нашри «Роғун ГЭС»и ОАЖга таяниб хабар берди.

Олтита гидроагрегатнинг ҳар бири 630 МВт қувватга эга бўлиб, йилига ўртача 14400 ГВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Таққослаш учун, 2024 йили Тожикистондаги барча электр станциялари 22 428 ГВт/соат қувват ишлаб чиқарган.

Илгари ГЭСнинг қуввати 3600 МВт бўлиши режалаштирилган эди.

Роғун ГЭСи қурилиши икки босқичда амалга оширилади:

👉 2028 йилга бориб тўғоннинг баландлиги денгиз сатҳидан 1185 метрга, ўрнатилган қуввати эса 1660 МВтга етади;

👉 2035 йилга бориб тўғон баландлиги 1300 метр ва ўрнатилган қуввати 3780 МВтга етиши режалаштирилган.

Биринчи босқичнинг қиймати 3,39 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, унга ОТБ, АИИБ, ЭИБ, ИТБ, Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси, Саудия тараққиёт жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар маблағлар ажратган.

Лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 6,3 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Айни пайтда ГЭСда иккита агрегат ишламоқда, улар 2024 йил 1,2 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарган, бу эса республикадаги умумий ишлаб чиқаришнинг қарийб 5,5 фоизини ташкил этади.

ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергия лойиҳасидир. Яқин вақтгача лойиҳа фақат давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштириларди. 2008-2024 йиллари Тожикистон Роғун ГЭСи қурилиши учун 42,5 миллиард сомони (тахминан 4 миллиард доллар) ажратган.

Олти агрегат ишга туширилгач, Роғун ГЭСи Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектрстанциясига айланиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ