Назарбоев матбуот котиби: Путин билан учрашув «шахсий аҳамият»га эга эди

Видеодан кадр

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида 29 май куни Москвада бўлиб ўтган учрашув шахсий аҳамиятга эга эди, зеро уларнинг ўртасида узоқ йиллик дўстона муносабатлар мавжуд. Бу ҳақда Қозоғистоннинг собиқ раҳбари матбуот котиби Айдос Укибай хабар берди.

«ОАВ сўрови муносабати билан шуни маълум қиламан: Нурсултон Назарбоевнинг Москвага ташрифи шахсий, норасмий бўлди. Уни Владимир Путин билан давлат ваколатлари мавжудлигидан қатъи назар узоқ йиллик дўстона муносабатлар боғлаб туради», — деди матбуот котиби биринчи президент сайтида эълон қилинган изоҳда.

Укибайнинг сўзларига кўра, Назарбоев Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тадбирларга таклифнома олган. Объектив ҳолатлар сабаб, у расмий тантаналарда қатнаша олмаган ва Москвага кейинроқ, якка тартибда ташриф буюрган.

Матбуот котибининг таъкидлашича, Назарбоев бир қатор дунё етакчилари билан доимо «телефон суҳбатлари, шахсий ёзишмалар ва индивидуал учрашувлар орқали» алоқада. «Бу нафақат Россияга, балки Туркия, Хитой, БАА, Ўзбекистон, Беларусь ва бошқа давлатларга ҳам тегишли. Ўзаро ҳамкорликнинг бундай формати халқаро амалиётга мос келади ва давлат лавозимидаги фаолияти давомида узоқ йиллар шаклланган шахсий алоқаларни акс эттиради», — деди у.

«Шунингдек, Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда доимий истиқомат қилишини ҳам таъкидламоқчиман. Унинг мамлакатни тарк этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея қўшимча қилган Укибай.

29 май куни Кремль сайти Путин Назарбоев билан учрашгани ҳақида хабар берганди. Уларнинг қўл бериб кўришиб, дўстона қучоқлашаётгани тасвирлари ҳам чоп этилган. Россия раҳбари Қозоғистоннинг собиқ президенти билан мунтазам учрашиб туради. Аввалги бундай учрашув 2024 йил декабрида Ново-Огарёвода бўлиб ўтган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ