АҚШ қонунчилари Қозоғистонга нисбатан Жексон-Вэник тузатмаси бекор қилинишига ёрдам беришга тайёр

Мурат Нуртлеу ва Жеймс Риш. gov.kz сайти фотосурати

АҚШда Қозоғистонга нисбатан Жексон-Вэник тузатмасини бекор қилиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ раҳбари Мурат Нуртлеунинг конгрессмен Роберт Адерхольт ва Вакиллар палатаси Савдо қўмитасининг йўллар ва воситалар қўмитаси аъзоси Кэрол Миллер билан учрашувида муҳокама қилинди, деб хабар беради Республика ТИВ матбуот хизмати.

«Музокаралар чоғида у (Мурат Нуртлеу – таҳр.изоҳи) америкалик қонунчиларнинг Қозоғистонга нисбатан Жексон-Вэник тузатмаси бекор қилинишига кўмаклашиш бўйича аниқ кафолат олди», — дейилади хабарда.

Нуртлеу расмий ташриф билан АҚШда. Сафар доирасида у Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Сенатининг халқаро алоқалар қўмитаси раиси Жеймс Риш билан ҳам учрашди. Томонлар иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва «АҚШ маъмуриятининг асосий устувор йўналишларига мувофиқ» сиёсий мулоқотни ривожлантиришни муҳокама қилган.

ℹ️ Жексон-Вэник тузатиши 1974 йили конгрессменлар Х. Жексон ва C. Вэник томонидан «1974 йилги Савдо қонуни»га киритилган ҳуқуқий қоидадир. Унда эркин эмиграцияга тўсқинлик қилувчи ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатларга нисбатан савдо ва молиявий чекловлар жорий этиш кўзда тутилган.

Тузатма бозор иқтисодиётига эга бўлмаган мамлакатлардан АҚШга олиб кириладиган товарларга нисбатан камситувчи тариф ва божларни қўллашни, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатларини тақдим этишни тақиқлашни назарда тутади.

СССР парчаланганидан сўнг, тузатма автоматик равишда барча МДҲ мамлакатларига тарқалди. Қўшма Штатлар аввали Россия, Украина, Қирғизистон, Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Эстония, Хитой ва бошқа бир қатор давлатларни унинг таъсир доирасидан чиқариб ташлаганди.