2025 йили Хитой Марказий Осиё мамлакатларига 1,5 миллиард юан (209 миллион доллар)ни холисона беради. Бу ҳақда Хитой раиси Си Цзиньпин «Хитой —Марказий Осиё» иккинчи саммитида маълум қилди
«Жорий йили биз Марказий Осиё мамлакатларига бешта давлатнинг аҳоли фаровонлигини ошириш ва ўз ривожланишига кўмаклашиш бўйича муҳим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард юан миқдорида грант ажратишга тайёрмиз», — деди Си Цзиньпин.
Унинг сўзларига кўра, «Хитой —Марказий Осиё» формати доирасида Хитой камбағалликка қарши кураш маркази, таълим соҳасида алмашинув ва ҳамкорлик маркази, чўлланишга қарши кураш маркази, шунингдек, савдо учун қулай шарт-шароитлар яратиш платформасини ташкил этишга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йили Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган биринчи саммит чоғида Си Цзиньпин Марказий Осиё давлатларига 26 миллиард юан (тахминан 3,72 миллиард доллар) текин ёрдам ажратилишини эълон қилганди.
Иккинчи саммит 2025 йил 17 июнь куни Остона шаҳрида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида бўлиб ўтди. Тадбирда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.