Қозоғистон парламентининг ҳар икки палатаси жамоат жойларида инсон юзини беркитадиган кийим-кечакларни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Ҳужжат имзолаш учун давлат раҳбарига юборилди, деб хабар беради Zakon.kz.
Гап «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида кетмоқда. 19 июнь куни ушбу ҳужжат Сенатда кўриб чиқилди, бироқ ўшанда қабул қилинмади ва айрим тузатишлар билан Мажилисга (парламент қуйи палатаси) қайтарилди. Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини уй-жой билан таъминлаш масаласига тегишли эди.
Сенаторлар жамоат жойларида юзни ёпиб турувчи кийим кийишни тақиқловчи нормага рози бўлишди.
Бугун Мажилис депутатлари мазкур қонун лойиҳасини яна бир бор кўриб чиқишди ва таклиф этилаётган ўзгартиришларга розилик беришди. Энди уни президент имзолаши керак бўлади.
Янги қоидалар «юзни таниб олишга халақит берадиган кийим-кечаклардан фойдаланган ҳолда содир этилган» ҳуқуқбузарликлар олдини олишга ёрдам беради. Бундай кийим-кечакдан қонун талабларига риоя қилиш, тиббий мақсадларда, фуқаролик мудофааси учун, муайян об-ҳаво шароитида, спорт ва маданий тадбирларда қатнашиш учун фойдаланилган ҳолатлар мустасно бўлиши мумкин.
Гарчи ҳужжатда қандай кийимлар муҳокама қилинаётгани аниқланмаган бўлса-да, ниқоб ва бош кийимлар билан бир қаторда диний либослар, хусусан, юзни тўлиқ қоплайдиган ниқоб ҳам тақиқланишини тахмин қилиш мумкин. Қозоғистонда бир неча йиллардан бери унинг тақиқланишига доир мунозаралар давом этмоқда.
2024 йил март ойида Қосим-Жомарт Тўқаев ниқобларни қозоғистонлик аёлларга радикал кайфиятдаги неофитлар томонидан тиркалаётган эски кийимлар тури деб атаган эди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу қозоғистонликларнинг анъанавий қадриятларига қарши йўналтирилган «очиқчаси чақириқ»дир.
Республика расмийлари ўтган йил кузида жамоат жойларида диний либосларни тақиқлаш масаласини кўриб чиқишни режалаштирган эди, бироқ бу амалга ошмаганди.