Туркиянинг Самсун шаҳри биринчи инстанция суди Туркманистондаги муаммоларни ёритиб келган туркман блогерлари Алишер Сахатов ва Абдулла Орусовни депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди. Қарор 13 июнь куни қабул қилинган, бироқ ҳибсга олинганларнинг адвокатига бу ҳақда 27 июнь куни маълум қилинган, дея хабар беради инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман Хельсинки фонди.
Суд ҳужжатларига кўра, ҳар иккала блогер ҳам аввали халқаро ҳимояга олишларини сўраб мурожаат қилган: Сахатов 2023 йил 27 апрелда ва Орусов 2023 йил 3 июлда. Бироқ, иккаласига ҳам фаолияти миллий хавфсизликка таҳдид деб ҳисобланадиган шахсларга тегишли G-82 коди билан доимий тақиқ жорий этилган.
Суд даъвогарларнинг ҳеч бири Туркияда қолишга қонуний ҳуқуқи йўқлигини аниқлаган ва уларнинг ўз ватанида таъқиб ёки шафқатсиз муносабатда учраши хавфи ҳақидаги даъволари асоссиз деб ҳисоблаган. Ҳар икки қарорда улар депортация қилинган тақдирда ўлим жазоси, қийноқлар ёки шафқатсиз муомалаларга дучор бўлмаслиги қайд этилган.
Сахатов ва Орусовнинг адвокати Самсун суди қарори устидан Туркия қонунчилиги доирасида ҳаракат қилиб, Туркия Конституциявий судига шикоят қилмоқчи. Июнь ойи охирида иккала блогернинг депортация марказларида ушлаб турилишини бекор қилиш сўрови тўлиқ рад этилган.
Бундан аввал Туркия парламенти депутати ва ҳуқуқ ҳимоячиси Омер Фарук Гергерлиўғли туркман фаоллари Абдулла Орусов ва Алишер Сахатовни депортация қилишни тўхтатишга чақирганди. Матбуот анжуманида у Туркманистонда демократия йўқлиги, агар одамлар Туркманистонга экстрадиция қилинса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолишини таъкидлаганди.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Туркманистондаги қийноқлар ва адолатсиз суд жараёни хавфи туфайли Туркия ҳукуматини уларни депортация қилмасликка чақирган.
ℹ️ Алишер Сахатов ва Абдулла Орусов 28 апрель куни Туркиянинг Синоп шаҳрида қўлга олиниб, Анқарадаги депортация марказига олиб кетилган. Май ойи бошида Туркия ҳукумати Орусов ва Сахатовни халқаро ҳимоядан расман рад этди. Улар рад этиш юзасидан апелляция беришди, бироқ Туркия қонунлари уларни суд қароригача депортация қилишга рухсат беради.
Туркман Хельсинки фондига кўра, чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисидаги қонуннинг 54-моддаси d ва i бандлари депортацияга асос бўлади.
Сўнгги йилларда Туркия Туркманистон билан мухолифат вакилларини экстрадиция қилиш бўйича фаол ҳамкорлик қилмоқда. Депортация қилинган фаолларнинг ўз ватанида қаттиқ таъқибга учрагани ҳақида мисоллар мавжуд: масалан, Фарҳод Мейманқулиев 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, айрим фаолларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.