Қирғизистонда қайта ишланадиган бир марталик пластик идиш ва пакетларга рухсат берилди

selectcr.ru сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров полимер плёнкадан тайёрланган қайта ишланадиган бир марталик пластик идиш ва пакетларни муомалага чиқаришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Янги қоидаларга кўра, муомалада бўлиши тақиқланган пластик маҳсулотлар рўйхатидан бир марта фойдаланиладиган озиқ-овқат қадоқлари ва пластик ПЭТ бутилкалар чиқариб ташланди. Бундан ташқари, энди бир марталик пластик идишларнинг фақат қайта ишланмайдиган турлари тақиқланган. Муомалага рухсат берилган бир марталик пластик маҳсулотлар рўйхати мамлакат ҳукумати томонидан тасдиқланади.

Ҳужжат мамлакат парламенти томонидан 2025 йил 17 июнда қабул қилинган.

«Қирғизистон Республикаси ҳудудида полимер плёнкали пакетлар ва пластмасса буюмлар айланишини чеклаш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Ўзгартиришлар миллий қонунчиликни Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) талабларига ва Божхона иттифоқининг «Қадоқлаш хавфсизлиги тўғрисида»ги техник регламентига мувофиқлаштиришга қаратилган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.

ℹ️ Қирғизистонда 2023 йили пластик плёнкали пакетлар ва бир марталик пластик маҳсулотлар муомаласи чеклана бошлади. Август ойида Иссиқкўл вилоятида, барча қўриқхоналар, ёввойи табиат қўриқхоналари ва миллий боғларда айрим тоифадаги пластик маҳсулотларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тақиқланди. 2024 йил 1 январидан Қирғизистоннинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ва биосфера ҳудудларида полимер плёнкадан пластик маҳсулотлар ва пакетлар ишлаб чиқаришга тақиқ жорий этилди. Қирғизистоннинг қолган ҳудудларида эса тақиқлар 2027 йил 1 январдан кучга киради.