Ўнлаб чет эл талабалари Қирғизистон олий ўқув юртлари дипломларини ноқонуний олган

Қирғизистон МХДҚ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистонда хорижлик талабаларга ноқонуний равишда диплом бериш схемаси фош этилди. Халқаро тиббиёт университети (ХТУ) ўқитувчилари хорижликлар билан тил бириктириб, пул учун талабаларнинг мамлакатда бўлмаган ҳолатида ҳам ўқув ва баҳолаш ёзувларини қалбакилаштиришган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади Akipress.

Тергов маълумотларига кўра, сохта ўқишдан сўнг хорижликларга ноқонуний равишда олий тиббий маълумот тўғрисидаги дипломлар берилган. МХДҚ бундай ҳаракатлар Қирғизистон олий таълим тизимини халқаро майдонда обрўсизлантиришини таъкидлади. Ҳозирда жиноий схемага алоқадор барча шахслар аниқланмоқда.

Бундай ҳолатлар аввалроқ мамлакатнинг бошқа олий ўқув юртларида ҳам аниқланган эди. Шундай қилиб, қалбаки ҳужжатлар ва ўқув жараёнини бузганлик учун қуйидагилар ўқишдан четлаштирилди:

👉 Ишенали Арабаев номидаги Қирғизистон Давлат университетидан 59 нафар чет эллик талаба;

👉 Норин давлат университетида 300 дан ортиқ хорижлик, 13 нафар университет ходими интизомий жавобгарликка тортилган, ректор лавозимидан четлаштирилган;

👉 Исхоқ Раззоқов номидаги Қирғизистон Давлат Техника Университети (ҚДТУ) дан 153 нафар талаба, шу жумладан, 112 нафар хорижлик;

👉 Жусуп Баласагин номидаги Қирғизистон Миллий университетида 2710 нафар талаба, уларнинг қанчаси хорижлик экани аниқланмаган.

2025 йил бошидан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра, Қирғизистондаги олий ўқув юртларидан 3,2 мингдан ортиқ талаба, жумладан хорижликлар, асосан МДҲ давлатлари фуқаролари ўқишдан ҳайдалган. Барча фактлар бўйича Қирғизистон Жиноят кодексининг 346-моддаси («Мансаб фирибгарлиги») билан жиноят иши қўзғатилган.

▶️ 24.kg нашри суҳбатлашган ўқитувчилар олий ўқув юртларидаги коррупцияни у ерда маошлар паст экани билан боғлашади. Масалан, И.Раззоқов номидаги КДТУда ёш ўқитувчи ўқув юкига қараб 30 минг сомгача (343 доллар), тажрибали профессор эса 50 минг сомгача (572 доллар) маош олиши мумкин. И. Арабаев номидаги КДУда маошлар анчагина паст: катта тажрибага эга профессор-ўқитувчилар 42-43 минг сом (492 долларгача) олади.

Давлат сиёсатини таҳлил қилиш маркази директори Алмаз Тазибай коррупцияни камайтириш ва таълим сифатини ошириш учун ўқитувчиларнинг маоши камида 60 минг сом (686 доллар), фан докторлари ва номзодлари учун эса 100 – 150 минг сом (1144 – 1715 доллар) бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ