Қозоғистон махсус прокурорлари хизматининг собиқ раҳбари Олеся Кексель қийноқлар бўйича ишда гумонланувчи сифатида тан олинган. Бу ҳақда республика Бош прокуратурасининг Tengrinews.kz сўровига жавобан хабар берди. Маҳкама бошқа тафсилотларни келтирмаган.
Ўз навбатида, «Vlast.kz» нашри манбасининг хабар беришича, суд гумонланувчига нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган.
Олеся Кексель 2017-2018 йиллари Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2018 йил январидан 2019 йил майига қадар эса Бош прокуратуранинг махсус прокурорлар хизмати раҳбари бўлган. Кексель собиқ Бош вазир Серик Ахметов, Миллий иқтисодиёт ва Соғлиқни сақлаш вазирлари Куандик Бишимбаев ва Жақсилиқ Доскалиев ҳамда Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фармация қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Лариса Пакнинг шов-шувли жиноий ишлари бўйича тергов гуруҳларига раҳбарлик қилган.
Олеся Кексель бошчилигидаги ишлар бўйича суд жараёнларида айбланувчи ва гувоҳлар тергов томонидан босим ўтказилгани ҳақида хабар беришган. 2019 йили тадбиркор Ерлан Набиев уни ва тергов гуруҳи аъзоси Бауржан Габбасовни Энергетика вазирининг собиқ ўринбосари Анатолий Шкарупанинг жиноий иши бўйича қийноқларда айблаган эди. Бироқ, Кекселга нисбатан қўзғатилган иш далил йўқлиги сабабли тўхтатилган.
Адвокат Жанна Ўразбахова ўша пайтда «Фарғона»га махсус прокуратураси собиқ раҳбарининг таъқиб қилинишини шарҳлар экан, бу собиқ Бош прокурор Қайрат Қўжамжаровга қарши қаратилган иш бўлиши мумкинлигини айтган.
Июль ойи бошида Кожамжаровнинг яна бир яқин шериги, Коррупцияга қарши курашиш миллий бюросининг собиқ раҳбари Талгат Татубаев ҳибсга олинган эди. У ҳам қийноқлар қўллаганликда айбланмоқда.