Бишкек мэриясида икки нафар мэр ўринбосари лавозими тугатилди. Бу ҳақда Қирғизистон пойтахти муниципалитети матбуот хизматига таяниб, 24.kg хабар берди.
Кадрлар ўзгариши шаҳар ҳокимининг транспорт масалалари бўйича ўринбосари Жамолбек Ирсалиевнинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумон қилиниб ҳибсга олиниши ортидан содир бўлди. Шаҳар ҳокими Айбек Жунушалиев томонидан имзоланган фармойишга кўра, Ирсалиев эгаллаб турган шаҳар ҳокимининг транспорт, йўл инфратузилмаси ва рақамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими расман бекор қилинди. Бундай ҳоким ўринбосари вазифаси Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаси департаменти директори Уланбек Бейшенбаевга юклатилди. Ушбу қарор транспорт блокини бошқаришни оптималлаштириш ва коммунал хизматлар самарадорлигини оширишга ёрдам беради, дея таъкидлайди шаҳар ҳокимлиги.
Бундан ташқари, илгари Талайбек Байгазиев эгаллаб келган шаҳар ҳокимининг ёқилғи-энергетика комплекси масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳам бекор қилинди. У июнь ойи охирида пора олишда гумонланиб қўлга олинган эди.
Жамалбек Ирсалиев 2022 йил октабр ойидан буён шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. У транспорт, йўллардан фойдаланиш ва шаҳарсозлик масалалари бўйича масъул эди. Бироқ 16 июль куни Тунгуч микрорайонида Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев иштирокида ўтказилган йиғилишда у коррупцияда айбланиб, воқеа жойида қўлга олинди.
ℹ️ МХДҚ маълумотларига кўра, Ирсалиев бир ярим минг квадрат метрга яқин шаҳар ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш ва ундан фойдаланганликда гумон қилинмоқда. Бу ер участкасида «Тунгуч» микрорайонидаги 36-уй ёнида керакли рухсатномасиз тўртта савдо объекти ва бешта болалар аттракциони олти йил давомида фаолият юритган. Натижада шаҳар бюджети ижара тўловларидан 3 миллион сом (34,3 минг доллар)га яқин маблағ йўқотган. Қолаверса, амалдорнинг хатти-ҳаракати маҳаллий аҳоли учун истироҳат боғи ва болалар майдончаси қуриш лойиҳасини амалга оширишга тўсқинлик қилган. Ҳозирда барча ноқонуний объектлар демонтаж қилиниб, ижтимоий лойиҳа ишга туширилган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида Ирсалиевнинг ўзи ва ушбу иш бўйича айбланувчи сифатида кўрилаётган фуқаро В.Н.А. ҳибсга олинган Ҳозирда иккаласи ҳам вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида.
✅ Шу билан бирга, бошқа кадрлар ҳам ўзгартирилган. Шу тариқа Бакитбек Шеримбеков Бишкек мэрияси муниципал мулк бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига аввал ердан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Тимур Бекбоев тайинланган. Шеримбеков навбатдаги коррупция иши доирасида қўлга олинди, деб хабар беради махсус хизмат.