Туркияда 23 июль куни ҳукумат қарори кучга кирди, унга кўра, рухсатномасиз чет эл фуқароларини ишга олган иш берувчилар бундай ишчилар, шунингдек, уларнинг турмуш ўртоқлари ва болаларини депортация қилиш билан боғлиқ харажатларни тўлашлари шарт. Бу ҳақда Туркия Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги расмий газетасига таяниб, Yeni Safak хабар берди.
Қарорда мигрант мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишдан бош тортган тақдирда харажатларни қоплаш тартиби ишга солинади. Харажатларга репатриация марказларида турар яшаш, тиббий ёрдам ва транспорт киради. Иш берувчилар ноқонуний ишчилар ва уларнинг оила аъзоларининг уч ойгача бўлган вақтлари учун пул тўлашлари шарт, кунлик харажатлар миқдори эса ҳар йили мамлакат Миграция бошқармаси томонидан тасдиқланади.
Агар иш берувчи белгиланган муддатда тўлаш мажбуриятини бажармаса, қарз миқдори солиқ органлари томонидан ундирилади, миграция хизмати унга тегишли сўров юборади.
ℹ️ Туркия Меҳнат вазирлиги маълумотларига биноан 2024 йил ҳолатига кўра, мамлакатда чет эл фуқароларига 301 мингга яқин ишлаш рухсатномаси берилган. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларидан келган ўн минглаб мигрантлар кўпинча қонуний рўйхатдан ўтмасдан меҳнат қилиши тахмин қилинади.
Туркияда ноқонуний муҳожирларни аниқлаш бўйича рейдлар 2023 йил май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг кучайди ва доимий равишда давом этмоқда. Мегаполисларда, жумладан, Истанбулда ҳар куни текширувлар ўтказилиб, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўнлаб хорижликларни ушлаб, сўнг уларни депортация қилишмоқда.
Шундай қилиб, 2025 йил июль ойи бошида миграция қонунчилигини бузгани учун Туркия депортация марказларида бўлган 50 нафар аёл Ўзбекистонга қайтарилди. Ушбу репатриация парвозлари Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳузуридаги Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил этилди.