Қозоғистон ва Россия республикадаги биринчи АЭС қурилишини бошлади

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ва Россия республикада АЭС қурилишини бошлади, деб хабар беради ТАСС мухбири. «Росатом» бош директори Алексей Лихачев ва Қозоғистон атом энергияси агентлиги раиси Алмасадам Саткалиев иштирокидаги маросим Олмаота вилоятидаги Улкен қишлоғи – станция қуриладиган жой яқинида бўлиб ўтди.

Тантанали нутқда Лихачев «Росатом» «ядро технологиялари бозорида ҳақиқий бестселлер қуриш»ни таклиф қилаётганини қайд этди. Ўз навбатида, Саткалиев бугунги маросим муҳандислик-қидирув ишларининг бошланиши – асосий тайёргарлик босқичи бўлиб, унга нафақат аниқ жой танлаш ва станциянинг конфигурацияси, балки бутун лойиҳанинг хавфсизлиги, ишончлилиги ва иқтисодий самарадорлиги боғлиқлигини айтди, деб ёзади «Kursiv.kz».

Лихачев ва Саткалиев тугмани босишди ва шу тариқа тадқиқот ишлари бошланди. Кейин тупроқни йиғиш учун бурғулаш ишлари олиб борилди. Туроқ солинган капсула тадқиқот учун Россия томонига тантанали равишда топширилди.

Келажакдаги станция III+ авлоддаги замонавий ВВEР-1200 реакторлари (электр қуввати 1200 МВт сув билан совутилган сув реактори) асосида қурилади. Реакторнинг ишлаш муддати 60 йил, уни яна 20 йилга узайтириш имконияти мавжуд.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Балхаш кўли қирғоғида қуриладиган биринчи АЭС қиймати 14 миллиард доллардан 15 миллиард долларгача бўлиши хабар қилинганди. Станция қурилиши бўйича консорциум етакчиси сифатида «Росатом» танланди, чунки у энг мақбул таклифни тақдим этди. Қурилишнинг дастлабки муддати етти йилни ташкил этади.