Афғонистон пойтахти Кобулда бир неча кундан бери «Толибон»* жангарилари хонадонларда очилган гўзаллик салонларига қарши рейдлар ўтказишмоқда. Хавфсизлик кучлари бундай уйларга бостириб кириб, жиҳозларни мусодара қилишмоқда ва тижорат эгаларини ўз бизнесларини ёпиш тўғрисида тилхат ёзишга мажбур қилишмоқда. Бу ҳақда Amu.tv журналистларига бир неча косметолог аёллар маълум қилган.
Уларнинг аниқлик киритишича, 2023 йили толиблар аёллар учун гўзаллик салонлари фаолиятини тақиқлаган, чунки уларнинг фикрича, бундай муассасалар шариат меъёрларига тўғри келмайди. Шундан сўнг мазкур соҳа билан шуғулланувчи тадбиркорлар яширинча ишлай бошлашган. Кўпчилик ўз уйидаги хоналардан бирини жиҳозлаган ва у ерда хоҳлаганларга тегишли хизматларни тақдим этган.
Энди толиблар ноқонуний салон ва сартарошхоналарни ёқасидан олишган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, рейдлар чоғида жангарилар аёллар билан андиша қилиб ўтиришмаган, уларни ҳақорат қилишган, мобил телефонларини текшириб кўрган, агар муассаса эгалари фаолият юритишда давом этса, уларни ҳибсга олиш билан таҳдид қилишган.
«Уйимга келишди, ҳатто салон сифатида ишлатган хонамни очишга ҳам рухсат беришмади. Пештахтани олишни буюришди ва эркак қариндошларим туман идорасига келишларини айтишди», — дейди толиблар рейдига учраган қобуллик аёл.
Ҳуқуқ ҳимоячилари афғон расмийларининг бундай хатти-ҳаракатларига жуда салбий муносабатда бўлишди. Уларнинг фикрича, «Толибон» шунчаки тирикчилик қилишга уринаётган аёлларни жазолашмоқда.
Дарвоқе, маҳаллий манбаларга кўра, ўнлаб гўзаллик салонларининг ёпилиши 60 мингга яқин шаҳар аёлини ишсиз қолдирган. Бундан ташқари, уларнинг кўпчилиги ўз оилаларида ягона боқувчи бўлган.
Рейдлар бошланишидан олдин шаҳар расмийлари ва полиция ходимлари салон эгаларига ўз бизнесларини сақлаб қолишни таклиф қилишаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган. Бунинг эвазига улар 10 000 дан 100 000 афғони (140 дан 1 400 долларгача) пора талаб қилишган. Бироқ, кобулликларнинг сўзларига кўра, бу тўловлар кўпинча фойдасиз бўлиб чиққан, чунки Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги вакиллари хизмат кўрсатиш пунктини барибир ёпишган ва баъзида тадбиркорларни ҳибсга олишган.
Бундан ташқари, пойтахт аҳолисининг хабар беришича, толиблар баъзан пора ўрнига салон эгаларига «ахлоқсиз таклифлар» беришади, агар улар рози бўлишса, сартарошхона ёки гўзаллик салони яширинча ўз фаолиятини давом эттиришига ваъда беришади.
Радикал ҳаракатнинг расмий вакиллари Кобулдаги рейдлар ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги гўзаллик салонларини ёпиш қарори ҳақидаги маълумот 2023 йил бошида оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганди. Боз устига, «Толибон» дастлаб бундай хабарни ҳақиқатга тўғри келмайди, деб атаган эди. Аммо, кейинроқ салонлар ёпила бошлаган ва тақиқ савдо марказларидаги бундай хизматларни кўрсатадиган салонларни ҳам қамраб олган.
Умуман олганда, 2021 йили ҳокимиятга келганидан бери «Толибон» ҳаракатига кўра, исломий қадриятларга мос келадиган кўплаб чекловларни жорий қилган. Хусусан, 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабга бориши, аёлларнинг спорт билан шуғулланиши, боғда сайр қилишлари, умуман жамоат жойларида эркаксиз кўринишлари тақиқланди. Ўтган йили афғон аёлларига ҳижобсиз кўчага чиқиш, жамоат жойларида бошқа аёллар билан баланд овозда гаплашиш, шунингдек, Қуръонни овоз чиқариб ўқиш тақиқланган эди.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот