Словакиялик мутахассис Владимир Вайсс футбол бўйича Қозоғистон терма жамоасининг янги мураббийи бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Фарғона»га вазиятдан хабардор манба маълум қилди.
Манба берган хабарга кўра, Вайсс Қозоғистон терма жамоасининг амалдаги бош мураббийи Али Алиевни сентябрь ойида Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидаги Уельс ва Бельгияга қарши ўйинлардан сўнг алмаштиради.
Тахминларга кўра, словакиялик мураббийнинг маоши 2 миллион еврони ташкил қилади. «Фарғона» хабарига кўра, Вайсс номзоди қўллаб-қувватланмоқда ва бу европалик мутахассис авваллари бир неча йил ишлаган «Қайрат» клубининг хўжайини Қайрат Боранбаев томонидан молиялаштирилади.
Қизиғи шундаки, айни дамда Вайсс Чемпионлар лигаси саралашида «Қайрат»дан мағлуб бўлган «Слован»га устозлик қилмоқда. Олмаотада Братислава жамоаси мағлубиятга учраганидан сўнг, эҳтимолий тайинланиш ҳақида гап бошланди.
Вайсс келса, бу йилги иккинчи мураббий алмашиши бўлади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ россиялик Станислав Черчесов ишдан бўшатилган эди. Унинг ўрнини Али Алиев эгаллади, унинг қўл остида жамоа 4та ўйин ўтказди — 1та ғалаба ва 3та мағлубият.
Шунингдек, Қозоғистон футбол федерацияси болгариялик мутахассис Станимир Стоиловга қизиқиш билдираётгани, унинг номзоди ташкилот бош котиби Саян Хамитжанов томонидан қўллаб-қувватлангани хабар қилинганди.
ℹ️Владимир Вайсс — Чехословакия ва Словакия терма жамоаларининг собиқ футболчиси. Мураббий сифатида Словакиянинг «Артмедиа» ва «Слован», Россиянинг «Сатурн», Словакия ва Грузия терма жамоаларида ишлаган. 2013-2015 йиллари у «Қайрат»ни бошқарган, жамоа у билан икки марта Қозоғистон кубогини қўлга киритган.