Қозоғистоннинг собиқ Бош прокурори Қайрат Кожамжаровга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жиноий йўл билан олинган пулларни легаллаштириш моддалари бўйича тергов бошланди. Бу ҳақда республика Бош прокуратураси хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Қўжамжаров бу жиноятларни «раҳбарлик лавозимларида ишлаган турли даврларида» содир этган бўлиши мумкин. Маҳкама баёнотида Қўжамжаров Иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши кураш агентлигининг (молиявий полиция) собиқ раиси сифатида кўрсатилган. У бу лавозимда 2008-2012 йилларда ишлаган. 2013—2014 йилларда Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби, 2017—2019 йилларда Бош прокурор, кейин эса парламент Сенати (юқори палатаси) аъзоси бўлган.
Кожамжаров — Нурсултон Назарбоев даврида энг нуфузли хавфсизлик ходимларидан бири бўлган. Сўнгги ойларда ушбу хавфсизлик ходимининг яқин атрофидаги кўплаб одамлар тергов остида. Шу тариқа, июль ойида Коррупцияга қарши курашиш миллий бюросининг собиқ раҳбари Талгат Татубаев ҳибсга олинган. Унга Қозоғистон Жиноят кодексининг 146-моддаси 2-қисми («Шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала, қийноқлар») билан айбланган.
Ўтган ёзда ҳам Кожамжаровнинг яна бир шериги, Қозоғистон махсус прокурорлари хизматининг собиқ раҳбари Олеся Кексель қийноқлар қўллаш бўйича ишда гумонланувчи сифатида тан олинган эди. Унга нисбатан ушбу модда бўйича биринчи иш ёпилган, аммо кейин иккинчи марта очилган.
Бундан ташқари, Қўжамжаровнинг собиқ қўл остидаги ходими, собиқ транспорт бош прокурори Мақсат Дусейнов қидирувга берилган. У мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш, жиноий йўл билан олинган пул ва мулкни легаллаштиришда гумон қилинмоқда.
Қозоғистоннинг «Время» газетаси 3 сентябрдаги мақоласида Максат Дусеинов ҳам, Қайрат Кожамжаров ҳам Қозоғистондан ташқарида, деб ёзган эди. Иккинчиси, нашрнинг ёзишича, Россия паспортини олиш учун ариза берган.