Ўзбекистоннинг собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ўта йирик миқдордаги маблағни ўзлаштириш иши бўйича уч йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Бундай қарор 15 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан қабул қилинди, деб хабар беради Олий суд матбуот хизмати.
Суд ҳукмига кўра А. Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси («ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») 3-қисми «а» банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. У ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Шунингдек, Воитовга 400 базавий ҳисоблаш миқдорида (164,8 миллион сўм, 13,3 минг доллар эквиваленти) жарима солинди. Собиқ вазирга уч йил муддатга раҳбарлик ва молиявий масъулиятли лавозимларни эгаллаш тақиқланди.
Суд таъкидлашича, қарор қабул қилинишига иш юритиш давомида етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани таъсир кўрсатган.
«Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган. Депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган», — дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.
Худди шу жараён доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатиш агентлигининг собиқ директори Хуснуддин Каримов ҳам судланган. У 8 йилу 6 ой қамоқ жазосини олди.
Ҳаммаси бўлиб 62 киши судланган. Улардан 9 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, яна 51 нафарига нисбатан енгилроқ жазо тайинланган.
ℹ️ Азиз Воитов 2022 йил августидан 2023 йил октабрига қадар Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келган, ўшанда президент фармони билан лавозимидан озод этилган эди. Ўша йилнинг декабрь ойида унга нисбатан катта миқдордаги маблағни ўзлаштириш ва хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш айбловлари қўйилганди.
2024 йил сентябрида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраев олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Орадан бир ой ўтиб, яна бир жиноий иш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Азимжон Назаров 4,5 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганди. Иккаласи ҳам давлат маблағларини ўзлаштириш ва мансаб сохакорлигида айбдор деб топилган.