АҚШ ва Қозоғистон локомотивларни етказиб бериш бўйича 4 миллиард долларлик «энг йирик» келишувни имзолади. Бу ҳақда АҚШ Савдо вазири Говард Латник (Howard Lutnick) ўзининг Х аккаунтида маълум қилди.
Келишув АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасидаги суҳбатдан сўнг тузилган.
«Бизнинг темир йўл соҳамиз фақат электр поездларига ўтаётгани учун адолатсиз ҳужумларга учраган бўлса-да, бу битим бизнинг энг муҳим тармоқларимиздан бирига катта ёрдам беради», — деди вазир.
Унга кўра, локомотивлар Европа ва Осиё орқали ўтадиган транспорт йўлагини ривожлантириш учун ишлатилади.
«Гап дунёда етакчилик қилаётган Америка инновациялари, Техас ва Пенсилваниядаги минглаб иш ўринларини қўллаб-қувватлаш ҳамда АҚШ-Қозоғистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳақида кетмоқда», — деб ёзади Савдо вазири.
У келишувда Американинг қайси компаниялари иштирок этаётгани ва уларнинг локомотив ишлаб чиқаришдаги роли қандай эканлигига аниқлик киритмаган.
Айни вақтда Оқўрданинг аниқлик киритишича, гап Американинг Wabtec компанияси ҳақида кетмоқда. Компания билан имзоланган 4,2 миллиард долларлик шартнома Қозоғистонда яхшиланган 300 та юк локомотивларини ишлаб чиқариш ва техник хизмат кўрсатишни назарда тутади.
Wabtec — транспорт технологиялари соҳасида тан олинган жаҳон етакчиси ҳисобланади. Бу Қозоғистон темир йўл саноатини модернизация қилишдаги асосий ҳамкорлардан бири, дейилади баёнотда.
Остонада 2009 йилдан буён Wabtec Kazakhstan локомотив йиғиш заводи фаолият кўрсатади. У ишга туширилгандан буён КТЖ экспорт учун 600 дан ортиқ тепловоз ишлаб чиқарди. Ҳозирда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизга етган. Ўтган йили Америка компанияси мамлакатда инновацияларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш учун технология ва муҳандислик марказини очди (яъни локомотивлар Америка технологиясидан фойдаланган ҳолда Америка компаниясига тегишли заводда ишлаб чиқарилади, лекин Қозоғистон ҳудудида – таҳр. изоҳи).
Локомотив келишувига Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Нью-Йоркка амалий ташрифи чоғида эришилди.