Ўзбекистонда хавфсизлик кучлари инсон органларининг ноқонуний трансплантацияси билан шуғулланган гуруҳни фош этди

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда ИИВ ва ДХХ матбуот хизматлари хабар берди.

Икки ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 2023-2025 йиллари гуруҳ томонидан 32 нафар беморга ноқонуний равишда буйрак ва жигар трансплантацияси операциялари ташкил этилгани аниқланди.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ таркибига Тошкент шаҳри ва Тошкент, Фарғона, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи 12 нафар шахс кирган. Улар ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар хасталиклари билан оғриган беморларни аниқлашган ва соғлом одамларни ўз органларини катта пул эвазига сотишга кўндиришган. Сўнгра хориждаги алоқалардан фойдаланиб, донорларни реципиентнинг қариндоши сифатида ўтказиб, қалбаки ҳужжатларни тайёрлашган ва қўшни давлатдаги хусусий клиникаларда орган трансплантациясини ташкил қилишган.

Мижозлардан олинган пулнинг бир қисми хусусий клиника хизматлари ва донорларга тўловлар учун, қолган қисми эса гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланган. Бундан ташқари, гуруҳ трансплантация қилинганидан сўнг аҳволи яхшиланмаган беморларга кучли оғриқ қолдирувчи воситаларни қиммат нархларда сотишган.

Гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 133-моддаси («Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилиш шартларини ва (ёки) тартибини бузиш» ), 228 — («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш»), 246 — («Контрабанда») ва 273 — («Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш») бошқа моддалари билан иш қўзғатилган.

Расмий хабарларда жиноят иши бўйича айбланувчилар қамоққа олингани ҳақида аниқ маълумот берилмаган, бироқ уларда материаллар моҳиятан кўриб чиқиш учун судга тақдим этилгани қайд этилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ва шунга ўхшаш гуруҳлар ҳаракатларидан жабрланган фуқароларни ўзларига яқин ички ишлар бўлимига мурожаат қилишга ёки 102 ишонч телефонига қўнғироқ қилишга чақиради.

ℹ️ Ўзбекистонда 2022 йил май ойида қабул қилинган «Инсон органлари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, органларни олиш ва трансплантация қилиш рўйхати ҳукумат томонидан тасдиқланадиган давлат тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон фуқаролари реципиентга донорлик қила олмайди. Инсон аъзолари ва тўқималарини сотиб олиш ва сотиш, шунингдек уларни чет элга олиб чиқиш тақиқланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Блогер Умид Ғофуров мулозимлар қандай қилиб бир пайтлар кўм-кўк бўлган шаҳарни чўлга айлантираётганларини кўрсатади

  • Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда