Тўқаев: Қозоғистон Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар учун платформа бўлишга тайёр, аммо воситачи бўлишга эмас

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можарода воситачи эмас, лекин у икки давлат ўртасидаги музокаралар учун платформага айланиши мумкин. Бу ҳақда президент Қосим-Жомарт Тўқаев Tengrinews.kz нашрига маълум қилди.

Унинг фикрича, ҳар икки томон ҳам икки томонлама ва турли даражаларда барча баҳсли масалалар бўйича мулоқот ўтказишга қодир. Шу билан бирга, президент «Украина инқирози»ни жўнлаштирмасликка чақирди.

«Ҳарбий ҳаракатлар давом этар экан, кўплаб муаммолар мураккаблашмоқда: ҳудудий, тарихий, миллий, лингвистик ва, албатта, сиёсий. Ҳа, ҳудудий масала ҳозирда энг муҳим ва қийин, аммо уни музокаралар столида амалий ҳал қилиш масаласи ҳали кўрилмаяпти, чунки тарихий мавзулар (Киев Руси, Украина «ҳудудий тортиқлар», украинлар давлатчилиги ва бошқалар), айнан шу ерда ғайриоддий ва ҳатто экзотик фикрларни ўз ичига олган кенг доирадаги фикрлар мавжуд, шунга қарамай, мен БМТдаги нутқимда таъкидлаганимдек, музокаралар давом этиши керак.

Агар Россия ва Украина етакчилари Қозоғистонга келишни истаса, биз музокаралар муваффақиятли якунланиши учун барча зарур хизматларни тақдим этамиз», — деди Тўқаев.

Қозоғистон раҳбари учрашувга тайёргарлик кўриш кераклигини ҳам таъкидлади. Ҳарбий ҳаракатлар давом этар экан, кун тартибидаги барча асосий масалалар бўйича келишмовчиликлар билан натижага умид қилиш, унинг фикрича, ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Хулоса қилиб, шуниқатъий айта оламан: биз Украина ва Россия ўртасида энг юқори даражадаги тўғридан-тўғри музокаралар бошланишини қўллаб-қувватлаймиз, бироқ ўзаро тушунишга эришиш учун дастлабки ишларни амалга ошириш зарур. Гарчи Қозоғистон воситачи бўлмаса-да, агар зарурат туғилса, барча даражадаги музокаралар ва учрашувлар учун майдон сифатида ўзининг «яхши хизматларини» тақдим этишга тайёр», — дея хулоса қилди Қозоғистон президенти.

Бугун эрталаб Украина президенти Владимир Зеленский Қозоғистонда Россия президенти Владимир Путин билан учрашишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда у Fox News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Зеленский яқинда Тўқаев билан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида учрашди. Украина раҳбари содир бўлаётган воқеаларга «ўз нуқтаи назарини баён қилди», Тўқаев эса «ҳозирги ўта оғир вазиятда» ечим топиш учун дипломатик ишларни давом эттиришга чақирди, деб хабар берганди ўшанда Оқўрда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ