Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланишига алоқадор етти киши қўлга олинди

yuz.uz сайти фотосурати

Тошкент вилоятида боғча тарбияланувчиларининг оммавий заҳарланишига алоқадор етти киши қўлга олинди. Улардан уч нафари ҳодисага сабабчи бўлган сут корхонаси ходимлари, қолганлари эса мактабгача таълим муассасаларига озиқ-овқат етказиб берувчи ширкат вакилларидир. Бу ҳақда давлат идораларидаги манбаларига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Бир неча кун аввал хабар қилинганидек, вилоятнинг бир қанча туманларидаги 1940 нафар боғча болалари шифохоналарга етказилган, уларнинг ярмидан кўпига тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига жўнатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабековнинг маълум қилишича, 28 сентябрь куни эрталаб 182 нафар бола шифохонада даволанишда бўлган. Мулозим барча беморларда ўткир гастроэнтерит борлигини тасдиқлаган. Ушбу касаллик одатда икки-уч кун давом этади ва тўғри даволанишдан сўнг беморлар белгиланган муддатда чиқарилади.

Қўмита вакили таъкидлашича, аҳволи ўртача деб баҳоланган болалар тузалиб кетмоқда. Ҳеч қандай оғир ҳолатлар аниқланмаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, болаларнинг заҳарланишига мактабгача таълим муассасаларига етказиб берилаётган сифатсиз кефир сабаб бўлган бўлиши мумкин. Оммавий ахборот воситаларида айтилишича, пойтахтда рўйхатдан ўтган, лекин ишлаб чиқариш корхонаси Оққўрғон туманида жойлашган Shark Milk Product (Royal Milk бренди) компанияси Тошкент вилоятидаги болалар боғчаларига сут маҳсулотлари етказиб берувчи ҳисобланади.

Компанияни Расул Омонов бошқаради, таъсисчилари Фазлиддин Омонов (90 фоиз) ва Саидрасул Султонов (10 фоиз). Корхонада сут маҳсулотлари учун 2026 йил апрелигача амал қиладиган санитария-эпидемиология сертификати мавжуд.

Давлат харидлари порталида маълум қилинишича, Shark Milk Product бир неча йилдан буён Тошкент вилоятидаги болалар боғчаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди. Бу йил кефир, сметана, творог, пишлоқ, сариёғ харид қилинган. Умуман олганда, Пскент, Қуйичирчиқ, Оққўрғон ва Бўка туманларидаги таълим муассасалари томонидан тадбиркорларга 3,5 миллиард сўмдан ортиқ (285 минг доллардан ортиқ) тўлов амалга оширилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аниқлик киритишича, айни пайтда болалар боғчаларига жорий йил август ойида ўтказилган тендерда ғолиб чиққан учта аутсорсинг компанияси хизмат кўрсатади. Пскент туманидаги Governess Business, Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманларидаги — Nishon Invest ва Бука туманидаги Innovation-Outsourcing-Service корхоналари озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга масъул. Мазкур юридик шахслар боғчалар учун Shark Milk Productдан кефир сотиб олган, дея тасдиқлайди вазирлик.

16 сентябрь куни Kun.uzда давлат таълим муассасаларида озиқ-овқат маҳсулотларини аутсорсинг қилиш ҳақида мақола эълон қилинганди. Унда айрим тадбиркорлар тендерлар вақтида коррупцияга йўл қўйилаётганидан шикоят қилишган: биргина шахслар доим ғалаба қозонишади, буюртма учун мулозимлар «откат» талаб қилишади. Бундан ташқари, баъзи ҳолларда ҳужжатларга кўра, амалдагидан кўра кўпроқ маҳсулотлар сотиб олинади.

ℹ️ Тошкент вилоятидаги болалар боғчаларида содир бўлган оммавий заҳарланишдан биринчи жабрланганлар 24 сентябрь куни шифокорларга мурожаат қила бошлаган. Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилган. Дастлабки маълумотларга кўра, болалар саломатлигининг ёмонлашишига сифатсиз сут маҳсулотлари, хусусан, ёғлилиги 3,2 фоиз бўлган кефир сабаб бўлган. Заҳарланиш ҳолати юзасидан жиноий иш очилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Блогер Умид Ғофуров мулозимлар қандай қилиб бир пайтлар кўм-кўк бўлган шаҳарни чўлга айлантираётганларини кўрсатади

  • Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида