Ўзбекистонда 9 минг 800 кўп қаватли уйнинг мингга яқини иситиш мавсумига тайёр эмас. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевга куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.
Расмийларга кўра, 640 та мактаб ва боғчадан 125 таси таъмирланмаган. Бундан ташқари, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида қозонхоналарни модернизация қилиш ишлари тугалланмаган. Шу боис давлат раҳбари икки ҳафта муддатда камчиликларни тўлиқ бартараф этишни, нимстанциялар, электр тармоқлари, сув тармоқларини тайёр ҳолатга келтиришни талаб қилди.
Мирзиёевга бугунги кунга қадар аҳолига 55 минг тонна, жумладан, 381 чекка аҳоли пунктига 9 минг тонна кўмир етказиб берилгани хабар қилинди. Бироқ, омборларда тахминан 27 минг тонна кўмир тарқатилмаган.
Президент аҳолига ёқилғини тезкорлик билан етказиб бериш, қиш мавсумида истеъмолчиларга 330 минг тонна суюлтирилган газни кафолатли етказиб бериш бўйича топшириқ берди. Мирзиёев газ ва электр энергиясининг узлуксиз таъминоти учун тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари шахсан жавобгар эканини таъкидлади.
Йиғилишда «Яшил макон» дастурини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Расмийларга кўра, бу йил баҳорда экилган 137 миллион кўчатнинг 27,5 миллиони қуриб қолган. Сабаби – баҳор ва ёз ўртасида иссиқ кунлар тез келиб қолиши оқибатида экилган кўчатлар унишга улгурмаган, уларга одатдагидан 2-3 баробар кўп сув сарфлашга тўғри келган.
Шу муносабат билан дарахтни кузда экишни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу йилги куз мавсумида 125 миллион туп дарахт ва бута, баҳорда яна 75 миллионта экиш режалаштирилди. Бунда суғориш тизими ва имконияти йўқ жойларга кўчат экмаслик талаб қилиб қўйилди.
Урбанизация жараёни тезлашиб бораётгани шаҳарлар ва вилоят марказларида яшиллик даражасини оширишни тақозо этмоқда. Шаҳарларни «яшил» стандартларга мувофиқ илмий асосда ривожлантириш мақсадида олимлар, урбанистлар ва экологлар иштирокида Тошкент ва Нукус шаҳарлари, барча вилоят марказларининг «яшил» мастер режалари ишлаб чиқилиши белгиланди.